Буюк Британиялик Дуа Липа Албания фуқаролигини қабул қилди
Маданият-санъат
−
28 Ноябрь 2022
7724Кеча, 27 ноябрь куни Буюк Британиялик хонанда Дуа Липа Албания пойтахти Тирана шаҳрида мамлакат Президенти Байрам Бегай ва шаҳар мери Велиай Эрьондан Албания фуқаролик паспортини қабул қилиб олди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Асли келиб чиқиши албаниялик бўлган хонанда Дуа Липага фуқаролик паспортини топшириш маросими Албания мустақиллигининг 110 йиллиги арафасида бўлиб ўтган. Президент Байрам Бегай маросимдан кейин Twitter’да ёзган хабарида Дуа Липани “бетакрор” деб атаган.
“Бетакрор Дуа Липага фармон билан Албания фуқаролигини совға қилганимдан хурсандман. У ўзини халқаро майдондаги фаолияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштироки билан бизни ғурурлантиради”, дейди Албания Президенти.
Хонанда Дуа Липанинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқлардаги бир неча ўн миллионлик обуначиларига янгиликни етказган.
“Бу шараф учун Президент Байрам Бегай ва шаҳар мери Велиай Эрьонга раҳмат. Мен Албания фуқаролигини олдим. Мен бундан фахрланаман”, дейди хонанда.
Шунингдек, Тирана шаҳрининг 43 ёшли мери Велиай Эрьон ҳам ўзининг Twitter саҳифасида Дуа Липага фуқаролик бериш маросимидан суратлар жойлаб, унинг бугун, 28 ноябрь кунги Тирана шаҳрида бўлиб ўтадиган концерт дастури афишаси билан бўлишган.
Маълумот ўрнида, Дуа Липанинг ота-онаси ХХ асрнинг 90 йилларида Косоводан Буюк Британияга кўчиб ўтган бўлиб, улар Косоводаги албанлардан бўлган. Дуа Липа 1995 йилнинг 22 август куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида туғилган.
У 2016 йилда ўз отаси билан “Sunny Hill” номли фондга асос солган бўлиб, бу фонд молиявий қийинчиликка дучор бўлган косовалик одамларга ёрдам бериш билан шуғулланиб келади.
Дуа Липа 2017 йилда куйланган “New Rules” қўшиғига ишланган клип YouTube тармоғида 2,7 миллиард маротаба кўрилган. Sean Paul билан куйланган “No Lie” қўшиғига ишланган клип эса 1 миллиард маротаба томоша қилинган. Хонанда 2019 ва 2021 йилларда “Grammy” мукофотини қўлга киритган.
LiveБарчаси