Буюк Британия Россиянинг Украинага “босқини”нинг янги муддатини айтди
Олам
−
20 Февраль 2022
15766Россия келаси ҳафтадаёқ Украинага ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиза Трасснинг сўзларига таяниб ёзган.
“Энг ёмон сценарий кейинги ҳафтада содир бўлиши мумкин. Ҳақиқат шундаки, Россия соатни орқага қайтаришга ҳаракат қилмоқда”, дейди у.
Трасснинг фикрича, Европа ХХ аср бошидан бери энг жиддий хавфсизлик таҳдидига дуч келмоқда.
“Россия дипломатик ечим топиш имкониятини жиддий қабул қилмаяпти, деб қўрқаман”, деган у.
Қайд этиш керакки, АҚШ ва Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Россияни Украинага босқин тайёрлашда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтганди. Аммо ундай бўлмади.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, чегарага қўшин жойлаштирилиши фақатгина ҳарбий машғулот учун эканини таъкидлаётганди. Кремль жорий йилнинг 20 февралигача машғулот ўтказишни белгилаганди. Расмий Москва 15 февраль куни чегарадаги қўшинларини ортга қайтаришни бошлаганини эълон қилди.
Бироқ бу хабарларга шубҳа билан қараган АҚШ раҳбарияти жорий йилнинг 17 февраль куни Россия Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7 минг кишига оширганини эълон қилди. Расмийлар Кремль “исталган вақтда Украинага бостириб киришни оқлаш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши” мумкинлиги ҳақида “далил олишда давом этмоқда”.
Айтиш жоизки, ҳозирда Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин эса захирадаги аскар ҳисобланувчи барча Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий тайёргарликка чақирди.
LiveБарчаси