Буюк Британия Ғарбни Россияга ишонмасликка даъват этмоқда
Олам
−
17 Февраль 2022
5729Россия-Украина можароси юзасидан музокаралар ўтказиш учун расмий ташриф билан Киевга келган Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс Москавани огоҳлантирди.
“Ғарб Москванинг қўшинларни ортга қайтараётгани ҳақидаги сохта ваъдаларига учмаслиги керак”, деган Британия ТИВ раҳбари.
Гарчи Россия Мудофаа вазирлиги Украина чегарасидаги қўшинлар ортга қайтарилаётгани ҳақида маълум қилган бўлса-да, АҚШ ва Ғарб расмийлари ушбу баёнотга ишонмаяпти.
АҚШ Президенти Админстрацияси расмийсига кўра, Россия қўшинларни ортга қайтариш ўрнига яна 7 000 ҳарбийни чегара бўйлаб жойлаштирган. Унинг ушбу даъвосини 16-17 февраль кунлари Брюсселда ўтказилган НАТО давлатлари Мудофаа вазирлари йиғилишида Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес ҳам тасдиқлаган.
Унга кўра, Кремль Украинанинг биринчи бўлиб ҳужумни бошлагани ҳақидаги “ёлғон хабарларни тарқатиш”га уринади.
“Бизнинг қўлимизда қўшинлар ортга қайтаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Россия Украинани ағдар-тўнтар қилиб, Ғарбнинг бирлигига путур етказиш учун ҳафталар ёки ойлар давомида секин ҳаракат қилади, деган ҳом хаёлга берилмаслигимиз керак. Россия хоҳлаган пайт ҳужумни бошлаши мумкин”, деган Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.
Украинага уюштирилган сафар олдидан Трасс хоним, “Россия-Украина атрофидаги зиддиятлар жасоратимизни синовдан ўтказади”, дея таъкидлаб, Кремлни огоҳлантирган.
Президент Владимир Зеленский эса Россия билан можаролар бошланганидан буён Украинанинг тарафини олиб келаётган Буюк Британияга ташаккур билдириш мақсадида Twitter’да пост қолдирди.
У Британиянинг доимий қўллови учун “Борис Жонсондан жуда миннатдор” эканини айтган ва иттифоқчиларини “минтақада хавфсизликни таъминлаш учун тезроқ бирлашиш”га чақирган. Бирлашиш маъносида Зеленский Украинанинг НАТОга тезроқ аъзо бўлишини кўзда тутаётгани табиий.
Қайд этиш керакки, Россиянинг машғулотлар сабаб Украина билан чегарага қўшин тўплаши ортидан Шарқий Европада инқироз юзага келди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди.
15 февралга келиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Ғарбнинг тахминлари пуч бўлиб чиққанини айтиб, 15 февраль Ғарбнинг уруш тарғиботи барбод бўлган кун сифатида тарих киришини маълум қилди. Блинкен эса ҳамон Россия шу ҳафтада Украинага қарши “ҳарбий тажовуз” қилиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини айтмоқда.
LiveБарчаси