Бўстонлиқда сув текинга ажратилган ерни $3 млнга сотаётган МЧЖ мансабдорлари ушланди

3-саҳифа 4913
image

Тошкент вилоятида сармоя киритиш учун ажратилган ер майдонини 3 миллион АҚШ долларига сотмоқчи бўлган "Mega Building Business" МЧЖ мансабдор шахслари ушланди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги "Сариқонли" фермер хўжалиги ҳудудидаги 40 гектар ер майдони "Mega Building Business" МЧЖга 30 миллион сўмга берилган.

Ушбу майдонда меҳмонхона, коттеж шаҳарчаси, ошхона ва савдо маркази, шунингдек, 140 ўринли болалар боғчаси қурилиши керак эди. Ер участкаси эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг 2019 йил 19 мартдаги далолатномасига асосан Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қарори билан ажратилган.

“Компания шу пайтгача "Чорвоқ" туристик-рекреацион зонаси дирекцияси олдида юқоридаги инвестиция мажбуриятларини бажармаган. Бу “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси аъзоси мақомини йўқотишга, солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилишга, тўланмаган солиқ ва божхона тўловларини тўлиқ ундиришга олиб келади”, дейилади хабарда.

Ўтган йилнинг 14 декабрь куни эса Тошкент вилояти прокуратураси Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 2019 йил 3 апрелдаги 3-сон қарорини бекор қилиш юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлигига протест киритган. 

Жорий йилнинг 15 апрель куни эса Бош прокуратура, ИИВ Ер ресурсларини ўғирлашнинг олдини олиш департаменти ва Департаментнинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида "Mega Building Business" МЧЖ мансабдорлари инвестиция учун ажратилган ер участкаларини 3 миллион АҚШ долларга сотишга уриниб, аванс сифатида 180 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 91
Рейтинг: 2.9
t
×