Буркина-Фасода ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширди

Олам 7497
image

Кеча, 30 сентябрь куни ғарбий Африкада жойлашган Буркина-Фасода ҳарбийлар давлат тўнтаришини амалга ошириб ҳокимиятни қўлга киритди ва подполковник Поль-Анри Сандаого Дамибани президент лавозимидан четлатди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, 30 сентябрь куни давлат телевидениеси орқали бир гуруҳ ҳарбийлар жонли эфирга чиқиб, давлат раҳбари лавозимидан четлатилганини эълон қилган.

“Биз бир неча бор Дамибани эътиборини хавфсизлик масалаларига қаратишга уриниб кўрдик. Дамибанинг ҳаракатлари ва унинг амбициялари бизнинг мақсадларимиздан аста-секин чеккага чиқаётганини кўрсатди. Биз Дамибани олиб ташлашга қарор қилдик”, дея таъкидлаган ҳарбийлар

Шунингдек ҳарбийлар, мамлакат ҳукумати тарқатиб юборилиши, конституция ва ҳар қандай сиёсий фаолиятнинг тўхтатилиши ҳақида эълон қилди. Уларнинг буйруғига кўра, Буркина-Фасо чегаралари номаълум муддатга ёпилган.

Агентлик маълумотларига кўра, Ҳарбий тўнтариш натижасида Капитан Иброҳим Траоре Буркина-Фасонинг янги раҳбарига айланган.

Буркина-Фасодаги маҳаллий ОАВга кўра, 30 сентябрь куни эрта тонгда армия бўлинмалари Президент саройи ва унга олиб борувчи хиёбонни тўсиб қўйган. Дамиба ёш аскарлар томонидан ҳибсга олинган ва улар билан кун давомида музокаралар олиб борган, аммо, ҳаммаси унинг ҳокимиятдан четлатилиши билан якунланган. Айни вақтда Дамибанинг қаерда эканлиги номаълум.

Маълумот ўрнида, Жорий йилнинг 24 январида ҳам ҳарбийлар Буркина-Фасода тўнтариш амалга ошириб, ҳокимиятни қўлга киритган ва президент Каборени лавозимидан четлатиб, ҳукумат ва парламентни тарқатиб юборган эди. Ана шу вақтда исёнчи ҳарбийларни Дамибанинг ўзи бошқарган. Дамиба 31 январда Президент, Давлат раҳбари ва Олий қўмондон деб эълон қилиниб. 1 март куни ҳокимиятни кейинги уч йил давомида ҳарбийлар қўлида сақлаб қолишни назарда тутувчи ўтиш даври низомини қабул қилган. Кейинчалик бу муддат 24 ойга қисқартирилган эди.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 273
Рейтинг: 2.9
t
×