Буркина-Фасо Президенти исёнкор ҳарбийлар томонидан асирга олинди

Олам

image

Бугун, 24 январь куни Буркина-Фасо Президенти Роч Марк Кристиан Каборе исёнкор ҳарбийлар томонидан ҳибсга олингани айтилмоқда. Президент ўз қароргоҳи атрофида уни қўриқрлаш учун тикилган ҳарбийлар чодирида қўлга олинган.

Воқеадан бир кун олдин, кеча, 23 январь куни кечқурун Президентнинг пойтахт Уагадугудаги қароргоҳи атрофида бир нечта ўқ овозлари эшитилган. Билдирилишича, Роч Каборени қўриқлаш учун борган ҳарбийлар уни мамлакатда бир неча йиллардан бери ҳарбийларга қарши курашиб келаётган қуролланган жангари гуруҳлар устидан ғалаба қозона олмаганликда айблаб асирга олишган. 

Бугун эрталаб Президент қароргоҳи томонидан бир нечта зирҳли машиналарнинг ўқлардан зарарланган ҳолатда номаълум томонга қараб ҳаракатланиб кетгани акс этган видео лавҳалар тарқалган. Яна бир лаҳвада катта кўчада ташлаб кетилган Президент хавфсизлик хизматининг автомобилида ўқ ва қон изларини кўриш мумкин. 

Мамлакат ҳукумати Президент асирга олиниб, ҳокимият ҳарбий исёнчилар қўлига ўтгани ҳақидаги хабарларни инкор қилмоқда. 

Воқеадан бир кун олдин Президентнинг Twitter’даги аккаунтида қурол кўтарганлар қуролларни тушириши кераклиги ҳақида пост пайдо бўлган.

“Халқимиз оғир дамларни бошидан кечирмоқда. Шундай қалтис вазиятда мамлакатимиз демократиясини сақлаб қолишимиз керак”, дея ёзилган Роч Каборенинг Twitter’ида. Ҳозирча ушбу постнинг муаллифи айнан Президентнинг ўзи ёки бошқалиги маълум эмас. 

“Reuters” ахборот агентлиги журналистининг хабар беришича, ҳукумат давлат тўнтаришига уринишни тан олмаётган бўлса ҳам кўча полиция ходимларига тўла.

“Исми сир қолишини истаган ҳарбийлар Президентнинг ҳозир қайси ҳарбий базада сақланаётганини бизга кўрсатиб юборишди”, дея қўшимча қилади муҳбир.

Ҳукумат вакиллираидан бўлган манбага кўра, мамлакат Мудофаа вазири, Генерал Бартелеми Симпор ва исёнкор ҳарбийлар ўртасидаги музокаралар омадсиз кечган. 

Президент асирга олинганини рад этаётган ҳукумат баёноти ортидан минглаб халқ вакиллари Каборенинг пойтахтдаги қароргоҳи атрофига йиғилиб, унинг оммага кўриниш беришини талаб қилишмоқда.

Буркина-Фасодаги Франция элчихонаси ноаниқ ҳолат юзасидан мамлакатда бўлиб турган француз фуқароларига мурожаат қилиб, уларга кўчага чиқмасликни тавсия қилган. 

Оҳирги 18 ой ичида Ғарбий Африкадаги Мали ва Гвинеяда ҳукумат ҳарбийлар томонидан ағдарилганидан сўнг Буркина-Фасодаги ҳолат ҳам ҳарбий тўнтариш дея баҳоланмоқда. 

AFP ахборот агентлигининг маълум қилишича, Президент билан бирга яна бир нечта ҳукумат амалдорлари ҳам асирга олинган. 

“Икки нафар хавфсизлик ходимига кўра, Президент, парламент раиси ва бир нечта вазирлар аскарлар қўли остида сақланмоқда”, дейилади агентлик хабарида. 

Исёнкор аскарлардан икки нафари улар билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлган ОАВ вакилига, ҳозир Президент тирик ва соғ-саломатлигини айтган, аммо унинг қаерда сақланаётганини очиқлашни истамаган.

2015 йилда сайланган Президент Каборе даврида “Ал-Қоида” қуролланган гуруҳи билан бўлган тўқнашувлар ортидан мамлакат ҳарбийлари жуда кўп йўқотишлар кўрган. 

Билдирилишича, исёнкор ҳарбийлар Президентни террорчи гуруҳлар билан курашишда сусткашликка йўл қўйгани ва мамлакат ҳарбийларига катта талафот етказгани учун қўлга олишган.

 

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг