Президент Бухоро вилояти бўйича шошилинч фармойиш имзолади
Жамият
−
30 Апрель 2020
17553“Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати хабар берди.
2020 йилнинг 27-28 апрель кунлари Бухоро вилоятида юз берган табиий офатдан зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида:
Ҳукумат комиссияси ташкил этилди ва унга қуйидаги вазифалар юклатилди:
• етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш;
• фуқароларга вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш;
• ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ва бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни ишчанлик ҳолатига келтириш;
• қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган қурилиш материалларини миқдорини аниқлаш ва уларни етказиш;
• қишлоқ ва ўрмон хўжалигига етказилган зарарни ва йўқотишлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш;
• қисқа муддатларда нобуд бўлган ғалла ва пахта майдонларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш;
• Ҳукумат комиссияси 3 кун муддатда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.
Юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан зарар етган ғўза майдонларига қилинган харажатлар ва ғалладан олинмайдиган ҳосил ўрнини қоплаш чоралари кўрилади.
10 кун муддатда Олот тумани аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш, туман марказини яна обод қилиш мақсадида кўп қаватли уй-жойлар, маданий-маиший ҳамда бошқа ижтимоий объектлар қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқилади.
2 ҳафта муддатда Олот ва Қоракўл туманларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан таклиф ишлаб чиқилади.
Барча чора-тадбирлар коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий қилинган карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь