Бухородаги нефть базасида катта ёнғин чиқди. Жароҳатланганлар бор (видео)
Crime
−
12:08 1855 1 minute
Бугун, 15 сентябрь куни Бухоро вилоятида нефть сақлаш омборидаги сиғимлардан бирида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида жойлашган нефть сақлаш омборидаги сиғим (резервуар) лардан бирида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.
Унга асосан тезкорлик билан ёнғин-қутқарув бўлинмалари ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 11:18 да бартараф этилган. Ёнғинни бартараф этишга 14 та қутқарув бўлинмаси жалб этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, омбордаги 1 дона ёқилғи сиғими (резервуар) ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида 3 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари олиб, Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” матбуот котибининг маълум қилишича, ушбу резервуарлар завод ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларига таъсир этмайди.
Билдирилишича, ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ ҳамда ССБ раҳбарияти ва ҳамкор хизмат ходимлар чиққан.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 сентябрь куни Қарши давлат техника университети бош биносининг том қисмида ёнғин содир бўлган эди.