Бухорода турк университети ва клиникаси очилади
Жамият
−
01 Апрель 2019
4277Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Жевдет Эрдол бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Делегациянинг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этган мулоқотда тиббий таълим соҳасида алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш, ҳамкорликда илмий-маърифий тадбирларни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда Туркия Соғлиқ билимлари университети ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Жумладан, томонлар бакалавр ва магистрантларнинг академик алмашинувини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар учун малака ошириш, турк университетининг филиали базасидаги шифохоналарда ёзги амалиёт ўташ ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш борасида қатор келишувларга эришди.
Бундан ташқари, 2019-2020 ўқув йилида Бухоро давлат тиббиёт институти базасида Туркия Соғлиқ билимлари университети қошидаги Олий тиббиёт мактабининг филиалини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Бухоро давлат тиббиёт институти ҳудудида мазкур тиббиёт университетининг клиникаси ҳам очилади.
Шунингдек, талабалар ва ўқитувчиларнинг илмий алмашинуви борасида фаол иш олиб борилаётир. Ҳозирга келиб, ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ Бухоро давлат тиббиёт институтининг 40 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи ва талабалари Туркияда таълим олди.
Қайд этиш жоизки, 1903 йилда ташкил этилган мазкур университет Туркиядаги ягона ихтисослашган тиббиёт университети, шунингдек, Европанинг етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь