Бухорода қулаган қалъа деворини тиклашга 1 млрд ажратилди
Жамият
−
15 Март 2022
4604Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 март куни кечки пайт Бухоро шаҳридаги “Талипоч қалъа дарвозаси” чап томонидаги қалъа деворининг бир қисми қулаб тушган эди. Мазкур девор ва қалъа дарвозасини таъмирлаш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўм ажратилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур объектни таъмирлаш-тиклаш ишлари Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси томонидан амалга оширилади.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг март ойида тасдиқланган “2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк обектларининг Манзилли рўйхати”га асосан мазкур объектни таъмирлаш-тиклаш ишлари Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси томонидан амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, XVI асрга тегишли “Талипоч қалъа дарвозаси” 2003 йилда қайта тикланган. Ўтган йиллар давомида қалъа атрофидаги деворнинг чап қаноти ортидаги маданий қатламларнинг чўкиши, қоплама деворларида ёриқлар пайдо бўлиши ҳамда жорий йилнинг март ойида кузатилган доимий ёғингарчилик деворнинг чўкиши ва қулаб тушишига олиб келган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь