Бухорода гиёҳванд модда сотишга уринган афғонистонлик қўлга олинди
3-саҳифа
−
17 Апрель 2022
9844Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бир гуруҳ оғуфурушлар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланиб келган Қоракўл туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи экани тўғрисида маълумотлар олинган. Шундан сўнг тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилган ва наркосавдогар кузатувга олинган.
Қоракўл тумани Тайқир МФЙ ҳудудидан ўтувчи йўл ёқасида у 1 килограмм 681 грамм опий моддасини 1959 йилда туғилган, муқаддам судланган шахсга 9 100 долларга сотган вақтида уларнинг ҳар иккиси ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида оғуфуруш келгусида сотиш мақсадида яшаш хонадонининг томорқасига 1 килограмм 68 грамм опий моддасини яшириб қўйгани маълум бўлган. У ҳам холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Мусодара этилган гиёҳвандлик воситалари афғонистонлик наркокурьерлар томонидан келтирилгани тўғрисида маълумотлар олинган. Хизмат ходимлари ҳамда вилоят божхона ва Ички ишлар бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирнинг иккинчи босқичи амалга оширилган.
Натижада, 1971 йил Афғонистоннинг Балх вилоятида туғилган Афғонистон фуқароси 940 грамм опий моддасини Бухоро шаҳрига олиб келиб, 2 500 долларга сотган вақтида қўлга олинган.
Ушбу гиёҳвандлик воситаси бошқа афғон наркокурьерлари томонидан божхона назоратидан яширилиб, Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилган. Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 3 килограмм 689 грамм опий моддаси мусодара қилинган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан ҳар учала фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қорасув шаҳрида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан Андижон шаҳрига етказиб берилган 5 килограмм 311 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олган вақтида ушланган.
Унинг яшаш манзилида 224 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, унинг жиноий шериги бўлган Қорасув шаҳрида истиқомат қилувчи, 1994 йилда туғилган шахс ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур икки фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь