Бухорода фирибгар “ДХХ ходими” ушланди

Жамият 4283
image

Бухорода ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими деб таништирган шахс бир неча кишини чув тушурди. Бу ҳақда “Postda” хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида вақтинча яшовчи, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган С.Ў. жорий йилнинг август ойи бошларида ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида фуқаро С.Ш.га ўзини ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходими деб таништириб, 500 АҚШ доллари эвазига Қоракўл туманидаги заводга ишга киритишини ваъда қилиб, ундан 500 АҚШ долларини олган. Ушбу маблағни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Шунингдек, С.Ў. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, ноябрь ойи бошларида фуқаро У.Ш.нинг ишончига кириб, унга ҳам ўзини ДХХ вилоят бошқармаси ходими деб таништирган. Сўнг 500 АҚШ доллари эвазига Қоракўл туманидаги заводга ишга киритишини айтиб, ундан 400 АҚШ долларини олган. Худди шу тарзда фуқаро У.Қ.дан 2 миллион 850 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаро С.Ў. ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ундан қалбаки гувоҳнома, фуқароларнинг паспорт нусхалари ҳужжатлаштириб олинган. Дастлабки маълумотларга кўра С.Ў.нинг фирибгарлиги қурбонига айланганлар сони ўн нафардан ортиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 106
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×