Бухорода эркак хотинини қайнотасининг уйида дўппослади
3-саҳифа
−
30 Сентябрь 2021
77909Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида истиқомат қилувчи эркак турмуш ўртоғини доимий равишда қийноққа солиб, вояга етмаган фарзандлари ёнида уни дўппослб келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бухоро вилояти ИИБ мазкур ҳолат бошқарма масъул ходимлари томонидан ўрганилганини маълум қилди.
Аниқланишича, Қоровулбозор тумани Имом Бухорий маҳалласида истиқомат қилувчи М.М. исмли аёл турмуш ўртоғи Бухоро шаҳар “Гулшан” маҳалласида яшовчи А.С. билан ажрашиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритган. Бундан хабар топган А.С. 22 август куни тахминан соат 10:30 ларда отасининг уйида яшаб келаётган аёлининг ёнига бориб, у ерда ўзаро жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида турмуш ўртоғи М.М. ни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, қўллари билан унинг боши, юзи ва танасининг бошқа соҳаларига қасддан урган.
Судга оид суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, бунинг оқибатида аёл соғлиғининг қисқа вақт ёмонлашувига сабаб бўлган енгил шикаст етган.
Ҳолат юзасидан Қоровулбозор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан А.С. га нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми ва 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, жабрланувчи деб эътироф этилган аёл М.М. га ҳимоя ордери расмийлаштириб берилиб, ҳамкор ташкилотлар билан бирга унинг муаммолари ўрганилган ҳолда доимий равишда унинг ҳолидан хабар олиб келинмоқда.
Дастлабки тергов якунлари юзасидан қўшимча равишда маълумот берилади.
LiveБарчаси