Бухорода 4 яшар қизалоқ қариндоши томонидан зўравонликка учрагани айтилмоқда

3-саҳифа

image

QALAMPIR.UZ’га Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро мурожаат қилиб, 4 яшар қиз жияни онаси тарафидан бўлган қариндошлари, хусусан, 2011 йилда туғилган холаваччаси К.А. томонидан мунтазам ҳақорат, қийноқ ва зўравонликка учраётгани, К.А. унга нисбатан ғайритабиий ҳаракатлар содир этаётгани ҳақида маълумот берди.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, бу воқеалар 2024 йил октябридан декабригача давом этган. 2025 йил 4 январдан бошлаб ота томонидан бўлган қариндошлари қизни тиббий экспертиза ва психологларга кўрсатган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қила бошлаган. Бироқ Бухоро шаҳри прокуратурасига қилинган мурожаатлар тергов ҳаракатларисиз дарҳол ёпилган.

“Бу ҳолатдан норози бўлиб, Болалар омбудсманига ва Республика Бош прокуратурасига мурожаат қилдик. Улар ҳолатни ўрганиб, жиноят иши қайта очилиши лозимлиги ҳақида прокуратурага расмий хат юборди. Шунга қарамай, Бухоро шаҳри прокуратураси ишни иккинчи бор ҳам ёпиб қўйди. Бу эса бизда катта норозилик уйғотди, чунки бегуноҳ болалар тақдири, уларнинг руҳий ва жисмоний саломатлиги эътибордан четда қолмоқда”, дея таъкидлади мурожаатчи.

Мазкур ҳолат юзасидан аниқлик киритиш мақсадида Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова билан боғландик. Унинг маълум қилишича, Болалар омбудсманига фуқаро А.Н. мурожаат этиб, вояга етмаган фарзанди М.А.га жисмоний тазйиқ ўтказиб, тан жароҳати етказган шахсга ички ишлар органлари томонидан қонуний чора кўрилмаганини билдирган. Болалар омбудсмани боланинг манфаатларини таъминлаш мақсадида Бош прокуратурага сўров юборган.

Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ҳолат текшириб чиқилиб, илгари жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор жорий йил 1 апрель куни бекор қилинган ва ҳозирда қўшимча терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Фуқаро А.Н.га боланинг қонуний вакили сифатида ишда иштирок этиш ва бошқа процессуал ҳуқуқлари тушунтирилган.

“Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттиради”, деди Сурайё Раҳмонова.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2024 йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда ҳар йили 1 млрд бола зўравонликка дучор бўлаётгани ҳақида маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро зўравонлик қизалоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг