Бухорода ҳоким ёрдамчиси қамоққа олинди
3-саҳифа
−
20 Сентябрь 2023
11368Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан Абу Али ибн Сино маҳалласидаги ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.
Унга кўра, гумонланувчи “Абу Али ибн Сино” МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган. У фаолияти давомида ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, ажратилган имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирганликда айбланяпти.
“Хусусан, у “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-55 - сонли қарорга зид равишда “Абу Али ибн Сино” МФЙ ҳудудида яшамайдиган ва фаолият кўрсатмайдиган М.Ҳ., Ж.А., Н.Ғ., М.А. ва А.М.лар номига мототранспорт воситаси ҳамда ичимлик сувини қайта ишлаш аппаратини сотиб олиш учун 33 млн сўмдан, жами 163 млн сўмлик имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, уларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган”, дейилади прокуратура хабарида.
Билдирилишича, жорий йилнинг 14 сентябрь куни ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3 - қисми “г” банди, 209-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мазкур жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олингани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқанд вилоятида ҳоким ёрдамчиси 1500 АҚШ доллари миқдоридаги порани олаётган вақтда қўлга олинганди.
LiveБарчаси