Бухоро тумани ҳокимлигини бажариб туриш Ҳалимжон Сафаровга юклатилди

Жамият

image

Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Ҳалимжон Салимович Сафаров тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 8 август куни Халқ депутатлари Бухоро тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро тумани ҳокими Хайрулло Жўраевни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирган. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан маъқулланган.

Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб эса Ҳалимжон Салимович Сафаров номзодини тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинган.

Маълумот ўрнида, Ҳалимжон Сафаров 1973 йил 2 майда Бухоро шаҳрида туғилган. 1995 йилда Бухоро давлат университети, 2008 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти, 2023 йилда Қозон федерал университети магистратурасини тугатган.

Ҳалимжон Сафаров нефтгаз соҳасида ва тадбиркорлик тизимида фаолият юритган. Охирги йилларда “Евроснар” масъулияти чекланган жамияти бош директори лавозимида ишлаган. Тайинловга қадар у “Бухоро Агро Экспорт ташқи савдо” масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишда Бухоро туман ҳокими Хайрулло Жўраевни лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро тумани Ҳалимжон Сафаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг