“Бухоро нефть базаси” мансабдорларига жиноят иши очилди

3-саҳифа

image

“Бухоро нефть базаси” МЧЖнинг 7 нафар мансабдор шахслари ва “Sity Kemping Bukhara” МЧЖ собиқ раҳбари ва таъсисчиси бир неча миллиард сўмга тенг давлат мулкини талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.

Ўтказилган терговда, “Бухоро нефть базаси” МЧЖ собиқ бош ҳисобчиси Ғолиб Комилов ҳамда бошқа мансабдор ва моддий жавобгар шахслар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали жамиятнинг 8,5 млрд сўмлик жуда кўп миқдордаги нефть маҳсулотларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан  талон-торож қилганликлари фош этилган. 

Шу жумладан, Ғолиб Комилов жамиятда юритилган “1-С” электрон дастурига нефть маҳсулотлари учун тўлов амалга оширилгани ҳақида сохта маълумотлар киритиб, жиноий шериги Тўлқин Муродов раҳбарлигида ташкил қилинган “Sity Kemping Bukhara” МЧЖ ва бошқа корхоналарга нефть маҳсулотларини олдиндан тўловларсиз бериб юбориш ҳамда “Бухоро нефть база” МЧЖ ҳисоб рақамидан молиявий ёрдам сифатида пул маблағлари кўчириш орқали давлатнинг 3,3 млрд сўмлик мулкини талон-торож қилиб, ўзларининг шахсий манфаатлари учун  ўзлаштириб  юборганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, “Sity Kemping Bukhara” МЧЖ дастлаб Тўлқин Муродовва Ғолиб Комилов таъсисчилигида ташкил қилинган, кейинчалик, жиноят иши қўзғатилгунга қадар жамиятнинг улушлари А. Тўймуродовга (Б.Атамурадовнинг ўғли) ва Д.Тўраевага (Т.Муродовнинг турмуш ўртоғи), у эса опаси Н.Тўраевага ўтказган.

“Давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдордаги зарарни етказган Ғ.Комилов ва Тўлқин Муродовга суднинг ажримига асосан “қамоққа  олиш  тарзидаги”  эҳтиёт  чораси  қўлланилган”, дейилади прокуратура хабарида.

Айбланувчилар томонидан етказилган зарарнинг 5,3 млрд. сўми ундирилиб, 4 млрд. сўмлик мол-мулклари, шу жумладан “Sity Kemping Bukhara” МЧЖ номидаги мулклари хатланган.

Тергов натижасида, “Бухоро нефть база” МЧЖнинг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши айблов  хулосаси  билан судга юборилган.

Т.Муродов тергов органидан яширинганлиги сабабли жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувга ажратилган.

Терговдан яширинган Т.Муродов ИИБ томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йилнинг 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ушланиб, тергов ҳибсхонасига  жойлаштирилган.

Ҳозирда, жиноят ишининг Т.Муродов ва бошқаларга оид қисми бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

230

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг