Бугундан бошлаб ўзбекистонликларнинг ҳаётида нималар ўзгаради?
Жамият
−
01 Июль 2022
48316Автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш бепул бўлади
2022 йил 1 июлдан бошлаб автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади. Олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади. Ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади. Шунингдек, 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар – 2 йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса 1 йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.
Айрим шифокорларга уй олиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади
2022 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ҳамда оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 500 баробаридан (150 млн сўмдан) ошмаган миқдорда қоплаб берилади. Олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.
“Хавфсиз йўл” индекси юритилади
Республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида “Хавфсиз йўл” индекси юритилади. Бунда:
- индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади;
- туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.
Вирусли гепатитга қарши самарали чоралар кўрилади
Бугундан бошлаб, ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит “С” тури билан касалланган беморларни даволаш 10,5 минг нафаргача етказилади.
Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) қон плазмаси банки яратилади. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимлар гепатит “В” инфекциясига қарши эмланади. Ҳар йили кенг тарқалган вирусли инфекциялар муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга танловлар асосида маблағлар ажратилади.
Касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга бир марталик субсидия берилади
2025 йил 1 январгача: касаначиларга даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, 1 ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади. Касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади. Олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда (жами 252 та) касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга дастлабки 3 ойдаги фаолияти учун 1 ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
Давлат музейларининг хизмат кўрсатиш соати ўзгаради
Президент қарорига асосан давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин бўлади.
Пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади, қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади.
“Тиббиёт бригадалари”га 3 600 та штат берилади
Болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 600 та, 2023 йил 1 январдан яна қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.
Парранда экспорти учун субсидия оширилади
“Паррандасаноат” уюшмасига аъзо паррандачилик хўжаликларига 2024 йил 1 январгача даврда паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидия миқдори 12 минг сўм этиб белгиланди.
Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар комплекс ёндашув асосида кўрсатилади
Президент қарорига кўра, 2022 йил 1 июлдан Маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизими босқичма-босқич жорий қилинади.
Қарор билан Маҳаллаларда комплекс ёндашув тизими асосида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика штаби ташкил қилинди.
Бўш турган биноларга нисбатан юқори солиқ ставкасини белгилаш бекор қилинди
2022 йил 1 июлдан бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, тугалланмаган қурилиш объектларига ва ушбу объектлар билан банд ерларга мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби бекор қилинди.
Спинал мушак атрофияси клиник диагнозига эга оилаларнинг Ягона миллий регистри юритилади
2022 йил 1 июлдан спинал мушак атрофияси клиник диагнозига эга оилаларнинг Ягона миллий регистри юритилади ва оилаларнинг клиник ва молекуляр-генетик диагностикасидан келиб чиқиб шакллантириб борилади.
“Оилавий шифокор” йўналиши бўйича мустақил фаолият амалга оширишга рухсат берилади
2022 йил 1 июлгача 2022 йилда иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақлари малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда оширилади. шунингдек, халқаро экспертлар иштирокида ўқитувчи ва шифокорларга малака тоифаларини бериш тартиби тубдан қайта кўриб чиқилади. 2022 йил 1 июлдан “оилавий шифокор” йўналиши бўйича мустақил фаолият амалга оширишга рухсат берилади.
Давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан бир қатор ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади
Давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали "Ягона меҳнат миллий тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади.
Давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.
Шунга кўра, давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.
Биржада янги қоидалар жорий этилади
Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоларида қимматли қоғозлар билан битимлар тузишда сотувчи (эмитентдан ташқари) фойда солиғи ва даромад солиғи ўрнига битим суммасининг 0,3 фоизи миқдорида йиғим тўлайди.
Аксиядорларнинг умумий йиғилиши жамият актсияларини фонд биржасининг биржа котировкалари варақасидан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилганда ушбу жамиятнинг овоз берувчи аксиялари эгалари бўлган аксиядорларга ўз аксияларини жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқи берилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь