Бугун Ўзбекистон тарихида тарихий кун. Мирзиёев БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ қилади

Жамият 18413
image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этади. Ушбу чиқишнинг тарихий аҳамияти шундаки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилгани ва унга Ўзбекистон аъзо бўлиб киргандан буён илк бор ташкилот минбарида Ўбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлайди. 

Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтмоқда. 

Давлат раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этади ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.

Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлат раҳбари 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам қатор муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазаларини баён этган эди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ва амалга оширилган ташаббуслар:

•    “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ташкил этилди (2018 йил 27 март);

•    Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувлари ўтказилди. БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди (2018 йил 22 июнь);

•    Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солинди (2018 йил 27 ноябрь);

•    БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” ҳақидаги резолюцияси қабул қилинди (2018 йил 12 декабрь);

•    Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди. У инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Самарқанд веб-форумида муҳокама қилинди (2020 йил 12-13 август).

2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида  Президент нутқ сўзлаб, дунё ҳамжамияти эътиборини яна бир бор бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири — Орол ҳалокатига қаратди.

Давлат раҳбари денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этаётганлигини таъкидлади.

2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси ташкил этилди.

2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида  Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш зарурлигини таъкидлади. 

2018 йил 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида  Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, кенг жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш муҳимлигини таъкидлади. 

Давлат раҳбари сессияда БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқди. 

Ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида  Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб,  "Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда", — дея таъкидлаган эди.

2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" резолюцияси қабул қилинди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент нутқ сўзлаб, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олиш аҳамиятини таъкидлади. 

Шу муносабат билан, Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги чиқишини бугун, 23 сентябрь куни жонли эфирда QALAMPIR.UZ’да томоша қилинг. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 155
Рейтинг: 3.1
t
×