Бугун Шомуродовнинг тақдири ҳал бўлади...ми?

Спорт

image

Бугун, 31 август куни “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг трансфери ҳал бўлиши мумкин. Айни вақтда ўзбекистонлик ҳужумчи учун курашга яна икки клуб қўшилди, дея хабар берди инсайдер Жанлука Ди Марцио.

Манбага кўра, Рим клуби ҳужум чизиғидаги Феликс Афена-Гьян ва Жастин Клюйверт билан хайрлашганига қарамай, Андреа Белоттини таклиф этганидан кейин Элдор Шомуродов билан хайрлашмоқчи. ОАВ хабарларига кўра, ҳозиргача ўзбекистонлик ҳужумчи учун асосий даъвогар “Болонья” бўлиб турибди. Бугун Италияда трансфер ойнасининг сўнгги кунида А Сериянинг “Монца” ва “Торино” клублари ҳам Шомуродовга қизиқа бошлади.

Эслатиб ўтамиз, бугун Европа кучли бешлик чемпионатларида ёзги трансфер ойнасининг сўнгги куни ҳисобланади. 

Маълумот учун, Италия чемпионати дебютанти “Монца” 4 ўйиндан кейин 4 мағлубият билан сўнгги ўринда бормоқда, “Торино” эса 3 ўйиндан кейин 7 очко билан 7-ўринда бормоқда.  

Шунингдек, Туркиянинг “Бешиктош” клуби “Рома” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Элдор Шомуродовга қизиқиш билдирган.

Қайд этиш жоизки, Рим клуби ёзда Пауло Дибалани таркибига қўшиб олди. Қолаверса, “бўрилар” “Торино” билан хайрлашган Андре Белоттини ҳам Римга олиб келди. Агар Элдор Шомуродов “Рома”да қолса, унга берилаётган кам ўйин амалиёти баттар қисқартирилиши мумкин.

Маълумот учун, 2021 йилнинг ёзида “Рома” Элдор Шомуродов учун “Женоа”га 18 миллион евро тўлаган эди. Ўтган мавсумда 27 ёшли Шомуродов “Рома” таркибида Италия А сериясининг 28 ўйинида майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Ҳозирда, “Transfermarkt” портали ўзбекистонлик футболчини 8 миллион еврога баҳоламоқда.

Иброҳим Давронов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг