Бу йил Ўзбекистон учун муҳим давр – Мунир Мамедзаде

Жамият 5283
image

Бу йил Ўзбекистон учун муҳим давр. Боиси, жорий йилда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини қай даражада бажараётгани БМТнинг болалар ҳуқуқлари қўмитасида кўриб чиқилади. Бу ҳақда UNICEF халқаро болалар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде кеча, 20 январь куни бўлиб ўтган “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида маълум қилди. 

“Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, бу йил Ўзбекистон ва бу мамлакатдаги болалар учун муҳим сана. 2021 йилда мамлакат БМТнинг болалар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси мажбуриятларини бажариш нуқтаи назаридан БМТ Болалар ҳуқуқи қўмитасида кўриб чиқилади. Тез орада Ўзбекистон ҳақида сессияолди муҳоқамалар бошланади. Фуқаролик жамияти ва UNICEF мамалакатдаги болалар ҳуқуқини кўриб чиқади. Кейинчалик эса ҳукумат ҳисоботи Қўмитада муҳокама қилинади. Айни шу нуқтада Ҳукумат ҳисоботининг қанчалик муҳимлигига алоҳида тўхталиб ўтишим керак. Қўмитанинг тавсияларидан биттаси Болалар омбудсмани ва институциявий тизимнинг ўз вазифаларини тўғри шаклда бажара олишига шароит яратиш”, дейди UNICEF’нинг Ўзбекистондаги дипломати. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилишнинг вақти-соати келганини айтганди. Қонун лойиҳаси муҳокамасида сўз олган UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Президент Мирзиёевнинг Мурожаатномасидаги болалар ҳуқуқи масаласига тўхталди. 

“Ўзбекистон Ҳукуматининг режалари, болалар ҳуқуқини ривожлантириш учун статегиялари ва БМТнинг Болалар ҳуқуқлари қўмитасининг тавсияларини бажариш бўйича саъй-ҳаракатлари бизларда умид уйғотмоқда. Мамалакат Президенти ўз Мурожаатномасида жорий йилда болалар ҳуқуқи ва ёшлар саломатлиги масаласи мамлакатнинг энг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади ва биз буни мамнуният билан қаршилаймиз”, дейди Мунир Мамедзаде.

Маълумот ўрнида, БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси ва бошқа инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги шартномавий органлари томонидан олиб борилган болалар ҳуқуқларининг халқаро мониторинги Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 3.1
t
×