Бу йил Путин иштирокидаги анъанавий тадбир ўтказилмайдиган бўлди
Олам
−
12 Декабрь 2022
6502Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳар йил Янги йил олдидан бўлиб ўтадиган анъанавий катта матбуот анжумани бу йил декабрь ойида ўтказилмайди. Бироқ Кремль давлат раҳбари оммавий ахборот воситалари билан суҳбатлашиш имкониятини топишига умид қилмоқда. Бу ҳақда журналистларга Президент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Катта матбуот анжуманига келсак, ҳа, бу Янги йил олдидан бўлмайди, лекин умид қиламизки, Президент мунтазам равишда, жумладан, хорижий [ташрифлар] пайтидагидек [журналистлар] билан суҳбатлашиш имкониятини топади”, дейди Песков.
Шу билан бирга, Кремль матбуот котиби давлат раҳбарининг Федерал Мажлисга юбориши мумкин бўлган мурожаатномаси санаси ҳақида сўз очмаган.
Ноябрь ойида Песков Путиннинг катта матбуот анжумани ва бошқа муҳим тадбирлар вақти Федерал Мажлисга юборилган мурожаатнома санаси аниқлангандан кейин маълум бўлишини айтган эди.
Маълумот учун, Россия Президенти 2001 йилдан буён катта матбуот анжуманларини ўтказиб келади, 2012 йилдан буён бу тадбирлар декабрь ойида ўтказилади. Путиннинг йиллик матбуот анжумани фақат бир марта, 2005 йилда бекор қилинган. Бундан ташқари, у 2009-2011 йилларда Путин ҳукуматга раҳбарлик қилган даврда ҳам бўлмаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, сўнгги вақтларда Путин хорижий сафарларидан матбуот учун майдон сифатида ҳам фойдаланмоқда. Хусусан, у сентябрь ойида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммитидан кейин ҳам Самарқанддан ўзи учун минбар сифатида фойдаланиб, тадбирга келган 13 мамлакат раҳбарларидан фарқли ўлароқ матбуот анжумани ўтказган эди. 9 декабрь куни Бишкекда бўлиб ўтган ЕОИИ саммитидан кейин Бишкек ҳам Путинга матбуот майдони бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь