Бу халққа ошкоралик берсанг... Қуддус Аъзам Ўзбекистонга янги қонун кераклигини айтди
Интервью
−
16 Сентябрь 2019
16984Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларининг қўшма мажлиси ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда оммавий ахборот воситалари, журналистнинг фаолияти, одамлар орасида тарқалаётган миш-мишлар ва асоссиз хабарлар расмий ОАВдан ўрин олаётгани танқид остига олинган.
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид 10 га яқин қонунлар бўлсада, уларнинг кўплари эски ва бугунги давр талабларига жавоб бермайди. Қолаверса, қонунларда бугунги электрон ахборот алмашинуви, ижтимоий тармоқлар, электрон ахборот етказувчилар фаолияти инобатга олинмаган.
Таниқли журналист Қуддус Аъзам ҳам йиғилишда иштирок этаркан, мамлакатдаги ҳар қандай ислоҳот, қонун чиқаришда одамлар иштирокини кучайтириш кераклигини айтди.
“Ошкоралик бўлмаган жамиятда ҳеч қандай тараққиёт бўлмайди. Халқнинг овози бўлмаса, халқ иштирок этмайди. Ҳамма нарса қоғозда қолиб кетади. Чунки, ҳар қандай тараққиёт – бу инсоннинг эркинлиги билан боғлиқ. Инсон эркин бўлмаса, инсон нимадандир қўрқса, инсон ҳокимиятдан узилса, инсон ҳокимиятдаги ислоҳотларга дахлдор бўлмаса, у тадбиркор ҳам бўлмайди”, дейди журналист.
У сўзида давом этаркан, мамлакатда журналистлар ва блогерларнинг кўпайиб бораётганидан қўрқиш ўрнига, улар фаолиятини тартибга солувчи, эълон қилинаётган мақола ва хабар учун жавобгарликни оширувчи қонун ишлаб чиқиш таклифини ўртага ташлади.
“Нимага блогерлар кўпайди, деб баъзилар чўчийди. Ҳаёт олдин ҳам шундай бўлган. Олдин ҳам қаердадир ёнғин бўлган, қаердадир сув тошган, қаердадир муштлашган. Америкада ҳам отишма бўляпти, поездлар ағдариляпти. Фақат бизда иммунитет йўқ эди. Энди секин-секин иммунитет пайдо бўлади.
Ҳар қандай эркинликнинг, жумладан Америкадаги эркинлик, Россиядаги эркинлик ёки Қозоғистондаги эркинлик замирида оммавий ахборот воситалари, миллий манфаат устуворлиги ётади. Бу шубҳасиз! Мутлақ эркинлик дегани нотўғри нарса. Шунинг учун миллий манфаат ОАВда бирламчи бўлиши керак. Эркинлик деб қандайдир бузғунчи кучлар мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштирмаслиги керак. Бирор одам фикрини айтса, уни атайлаб ерга ботириб, хорлаб ташламаслик керак. Бундай вазият ўзимнинг ҳам бошимдан ўтди. Биз имкониятни уларга бериб қўйсак, улар жамиятдаги ислоҳотларга фойда келтириш ўрнига, катта зарар келтириши мумкин”.
Хабарингиз бор, бир неча кун аввал Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси – муфтий Усмонхон Алимовнинг лавозимдан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Расмий ОАВгача сизган бу маълумотлар кўп ўтмай тасдиғини топгани йўқ. Қуддус Аъзам нутқида ушбу масалага ҳам тўхталаркан, ёлғон маълумот Саудия Арабистонигача етиб борганини айтади. Унинг фикрича, бундай ҳол яна такрорланмаслиги учун Қонун чиқариш керак.
“Мана кечагина Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси – муфтий Усмонхон Алимов ишдан кетибди, деган хабарлар тарқатилди. Бу ёлғон маълумот Саудия Арабистонида акс садо берди.
Конституция бўйича ҳар қандай одам ўз фикрини эркин ифода этишга ҳақли. Лекин ҳеч ким на интернетда, на бошқа жойда на бир тахаллус остида, на бир қиёфа остида бошқа бир инсонни ҳақорат қилишга, унга нисбатан туҳмат уюштиришга, уни таҳқирлашга ҳеч қайси қонун йўл бермаслиги керак. Россияда шундай қонун қабул қилинди”.
Журналист ўз сўзлари журналист ва блогерлар томонидан нотўғри талқин қилиниб, яна қонун билан сўз эркинлиги, ошкораликнинг олди тўсиляпти, қабилидаги гап-сўзлар чиқишининг олдини олиш мақсадида ошкоралик учун қаттиқ курашиш зарурлигини ҳам таъкидлади.
“Биз ошкоралик учун қаттиқ курашишимиз керак. Шу билан бирга бу халққа ошкоралик берсанг жамиятдаги вазиятни издан чиқаради, булар ҳали тайёр эмас, деган туҳмат гапларни келтириб чиқармаслик учун биз ўзимизнинг ошкоралигимизни ўзимиз ҳимоя қилишимиз керак”, дейди Қуддас Аъзам.
LiveБарчаси