“Бу давлат бошқаруви тамойилларини бузиш”. Россия ЕИдаги фуқароларини огоҳлантирди

Олам 9833
image

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқида яшовчи ёки Европа Иттифоқи мамлакатларига ташриф буюрган Россия фуқаролари мобил қурилмалари тингланиши мумкинлигини ҳисобга олишлари кераклигини маълум қилди.

“Бугунги кунда Европа Иттифоқида ҳеч ким хорижий разведка идоралари томонидан тинглашдан ҳимояланганига кафолат бера олмайди. Биз Европа Иттифоқи ҳудудида яшовчи ёки у ерда ҳаракатланаётган Россия фуқароларини ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланишда буни ҳисобга олишга қатъий чақирамиз”, дейди Россия ТИВ ахборот ва матбуот департаменти директори ўринбосари Иван Нечаев.

Аввалроқ маълум бўлишича, “қатор Европа мамлакатлари – Польша, Греция ва бошқалар раҳбарияти Pegasus, Predator ва бошқа, асосан, Исроилда ишлаб чиқарилган жосуслик дастурларини фаол ишлатишган”.

“Улар мухолифат, фуқаролик жамияти, ишбилармон доиралар, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларнинг исталмаган вакилларини тинглаш учун фойдаланилган”, дейди Нечаев.

У Россия бу ҳолатни давлат бошқарувининг асосий тамойилларини очиқдан-очиқ бузиш деб билишини қўшимча қилди.

Россияда барча уяли алоқа операторлари бир неча йиллардан бери тезкор-қидирув чора-тадбирлари тизимини – Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Россия алоқа тармоқларидаги маълумотларни кузатиш учун мўлжалланган техник воситалар тўпламини ўрнатишлари мажбурий этиб қўйилган. Тизим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига фойдаланувчиларнинг телефон суҳбатлари, SMS ва интернет-трафикларига кириш учун зарур. Операторлар ушбу маълумотларни маълум вақт давомида сақлашлари шарт.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 283
Рейтинг: 2.9
t
×