“Бу ади-бади айтиб ўтирадиган жоймас”. Сенатда Мусаев, Норбоева ва Бурҳонов ўртасида таранглик чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг бугун, 4 август куни бўлиб ўтган 29-ялпи мажлисида Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ўртасида таранглик келиб чиқди. Ҳолатга Сенат раиси Танзила Норбоева аралашди ва вазир Мусаевга танбеҳ берди. 

Гап шундаки, ялпи мажлисда Акмал Бурҳонов Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза бўйича ахборот тақдим этди. Унда қайд этилишича, 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигида 56 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги молиявий хато камчиликлар, шундан 7 млрд сўмлик камомад ва ўзлаштиришлар, 12 млрд сўмлик мақсадсиз харажатлар аниқланган бўлиб, давлат бюджетига етказилган 9 млрд сўмлик зарарнинг ундирилишига эришилган.

Мажлисда иштирок этаётган Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Бурҳонов келтирган фактларга эътироз билдирди. 

“Жуда катта-катта рақамлар қўйилмоқда. Нима учун 34-варақдаги ҳисоботда соғлиқни сақлаш соҳасида 50 млрд молиявий хато-камчилик дейиляпти? 45-варағида 56 млрд. Шундай бир кайфият борки, бу катта рақамнинг орқасидан қувишдек. [Бу] молиявий назорат органидан олинган маълумот асосида тайёрланган ҳисобот. Бу коррупциявий ҳолат бўлдими ё йўқми ҳали? Буни суд исботладими ё йўқми? 395 та даволаш-профилактика муассасаларида... Бизнинг тиббиёт тизимимизда 500 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Ҳисоботда хулоса қилиняптики, тиббиёт – энг коррупцион соҳа. Қани ўша 395 та ташкилот? Биз бу маълумотларни кўрганимиздан бери тагига етгимиз келади. Қайси ташкилотимизда шундай катта молиявий камчилик аниқланибди? Шундай катта коррупцион ҳолат бўлган бўлса, нега тиббиёт тизимининг каттароқ раҳбарига нисбатан суд томонидан қатъий чора кўрилмаган? Демак, бу камчиликлар кимнингдир актига тушган, холос. Судда ўз исботини топмаган фактор. 

Бундан ташқари, 35 млрд мақсадсиз харажатлар аниқланди ва иқтисод қилинишига эришилди [дейилган]. Бу ҳали коррупцион ҳолат эмас. Буни аниқ айтишимиз керак. Ҳисобот, смета, штат маълумотлари ўрганилади, текширилади ва буни бартараф қилиш мақсадида соғлиқни сақлаш ва молия органлари, ғазначилик органлари биргаликда текширишни амалга оширади. 

Бундай ҳисоботларни юқори даражада чиқаришдан аввал, вазирлик билан бирма-бир, ҳар бир ҳолат бўйича кўриб чиқилсин. Ундан кейин якуний тўхтамга келинган рақамни олиб чиқсак, тўғрироқ бўларди. Тўғри тушунглар, буни вазир сифатида гапираётганим йўқ. Соҳанинг ортида жуда катта фидойи ходимлар бор. Икки кундан бери ижтимоий тармоқларда ҳам “энг коррупцион соҳа – тиббиёт” деган фикрларни кўряпмиз. Биз ҳеч қачон ўзимизни оқлашга ҳаракат қилмаймиз, бундай ниятимиз ҳам йўқ. Шунинг учун ҳар бир ҳолат бўйича келишиб олсак, кимнингдир берган маълумотига таяниб қолмасдан”, дейди Мусаев. 

Вазир сўзини давом эттирмоқчи эди, уни Сенат раиси Танзила Норбоева тўхтатиб, бу рақамлар аниқ фактларга асосланганини урғулади ва Сенат “ади-бади” айтиб ўтирадиган жой эмаслигини ёдга солди. 

“Бу масалаларни бу ерда кўтаришингиз ноўрин. Мен ўйлайманки, бу маълумотларнинг тагида асос бор. Биринчидан, асоссиз нарсани Сенатнинг ялпи мажлисига олиб чиқилмайди. Иккинчидан, шунча саволингиз бор экан, Акмал Бурхоновни нега ССВга олдинроқ чақириб, олдинроқ мана шу масалаларни муҳокама қилиб, чора-тадбирларни белгиламайсиз? Бу “ади-бади” айтиб ўтирадиган аудиториямас. Бизга Миллий маърузасини тақдим қилиши, биз эса уни эшитиб, агентликка ўз топшириқларимизни беришимиз керак. Ҳозир сиз бундай дейдиган бўлсангиз, Халқ таълими вазири чиқиб гапирадиган бўлса, бошқа вазирликлар ҳам чиқиб гапирса, бу бошқача майдонга айланиб кетади. Шунинг учун коррупцияга қарши курашиш масаласини ҳар бир вазирлик ўзининг энг устувор вазифаси қилиб белгилаши керак. Агентликни чақириб, олдини олиш учун биргаликда чоралар кўриш керак. Рақамларга эътироз бўлса, вазирликда муҳокама қилиб олсанглар ҳам бўлади”, дейди Норбоева. 

Ўз навбатида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов яна сўз олиб, Миллий маъруза аниқ фактларга ва суд ҳукмларига асосланиб тайёрланганини айтди. 

“Миллий маъруза фақат агентлик томонидан ишлаб чиқилган эмас. Коррупцияга қарши курашувчи идоралар билан биргаликда тайёрланган. ОАВда эълон қилинаётган маълумотларга эътибор қиладиган бўлсангиз, жорий йилнинг ўтган олти ойи якунлари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги иккинчи ўринга тушди, банк тизими биринчи ўринга чиқди. Бу, албатта, вазирликда амалга оширилаётган коррупцияга қарши ишлар натижаси, деб ўйлайман. 

Айнан судлар томонидан кўриб чиқилиб, ҳукм чиқарилган ишлар бўйича ССВ ўтган йилги рейтингда биринчи ўринни эгаллаган. Бошқа молиявий масалалар бўйича ҳам, таъкидламоқчиманки, бу камчиликлар фақат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эмас, балки Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва бошқа назорат қилувчи органлар томонидан аниқланган ҳолатларнинг умумлаштирилгани ҳисобланади. Миллий маърузага шубҳа бўлмаслигини сўрардим”, дейди Бурҳонов.   


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

672

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг