Британияга Россия ва Эрондан таҳдидлар кучайиб боряпти – MI5 раҳбари
Олам
−
09 Октябрь
6716Буюк Британияга Россия ва Эрон томонидан таҳдидлар кучаймоқда. Бу ҳақда Британия контрразведка хизмати MI5 раҳбари Кен МакКаллум маълум қилди.
Унинг айтишича, Россия разведка хизматлари Лондоннинг Украинани қўллаб-қувватлаши муносабати билан Буюк Британиядаги вазиятни беқарорлаштиришга уринмоқда. МакКаллумнинг таъкидлашича, Россия Ҳарбий разведка Бош бошқармаси агентлари “ўт қўйиш, қўпорувчилик ва бошқалар” орқали “Британия ва Европа кўчаларида тартибсизлик яратиш бўйича доимий миссия”да.
“Россия-Украина уруши бошланганидан бери 750 нафар россиялик дипломат Европадан депортация қилинган, уларнинг аксарияти жосуслардир”, дейди Британия контрразведкаси раҳбари.
МакКаллум Эроннинг беқарорлаштирувчи фаолияти ҳақида гапирар экан, 2022 йилдан буён, яъни Маҳса Амини вафотидан буён контрразведка хизмати Эрон кўмагида уюштирилган 20 та фитнани фош этишга муваффақ бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, 2017 йилдан бери Буюк Британияда режалаштиришнинг илғор босқичида бўлган 43 та ҳужумнинг олди олинган. Унинг сўзларига кўра, фитначиларнинг баъзилари ўқотар қурол ва портловчи моддалар олишга уринган.
"Бу ердаги фаолиятимнинг дастлабки 20 йили террорчилик таҳдидлари билан тўлдирилди. Энди улар давлат буюртмаси бўйича қотиллик ва саботаж билан тўлдирилди. Ҳукумат таҳдидлари билан боғлиқ терговлар сони 48 фоизга ошди”, дейди MI5 раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс ва MI6 раҳбари Ричард Мур Россия ва Хитой Ғарб учун хавф туғдираётганини айтганди.
LiveБарчаси