Черковдаги ваҳшийлик: Британияда депутат сўйиб ташланди

Олам 13312
image

Буюк Британия парламентининг Консерватив партиясидан депутат Дэвид Эмесс пичоқланиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда BBC News ёзмоқда

Қайд этилишича, воқеа Эссекс графлигининг Ли-он-Си шаҳридаги черковда содир бўлган. Бу вақтда депутат сайловчилар билан учрашув ўтказаётган бўлган.  

Эссекс полициясининг хабар беришича, шифокорлар жабрланувчига ёрдам беришга уринган, бироқ у вафот этган. Депутатнинг ҳамкасблари Twitter орқали марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган. Хусусан, мамлакат Бош вазирининг ўринбосари Доминик Рааб Эмессни “буюк инсон, аъло дўст ва ажойиб депутат”, деб атаган.

Хабарга кўра, 25 ёшли гумонланувчи қўлга олинган, унинг ёнидан пичоқ топилган. Ҳозирча қотилликка нима сабаб бўлгани айтилмаяпти.

Маълумот ўрнида, Дэвид Эмесс 1983 йилдан буён Британия парламенти аъзосидир. Тахминан 40 йиллик хизмати давомида у абортга қарши кураш ва ҳайвонларни асраш бўйича чиқишлари билан машҳур бўлган. 

Эмессга қилинган суиқасд охирги 5 йил ичида парламент аъзосига нисбатан қилинган илк қотиллик бўлди. Бундан аввал, 2016 йилда 41 ёшли лейбористлар депутати Жо Кокс Берстоллда сайловчилар билан учрашгандан сўнг ўлдирилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 677
Рейтинг: 2.9
t
×