Британияда Чарльз III тасвири туширилган тангаларни чиқариш бошланди
Олам
−
28 Октябрь 2022
2168Буюк Британия қироллик зарбхонаси Буюк Британиянинг янги Қироли Чарльз III тасвири туширилган 5 фунтлик тангаларни чиқаришни бошлади. Бу ҳақда бугун, 28 октябрь куни “The Daily Telegraph” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бу йил жами 9,6 миллион танга зарб қилинади. Улар декабрь ойида муомалага чиқарилади. Танга дизайни ҳайкалтарош Мартин Женнингс томонидан ишланган.
“Янги давр бошланмоқда ва кўпчилик британияликлар биринчи марта тангаларда янги монархнинг профилини кўришади”, дейди зарбхона музейи директори Кевин Кленси.
Шунингдек, Британия тарихида рекорд даражадаги 70 йил-у 7 ой ҳукмронлик қилган Қиролича Елизавета II га ҳурмат белгиси сифатида танганинг орқа томонида унинг портрети тасвирланади.
Маълумот ўрнида, айни пайтда Буюк Британияда марҳум Қироличанинг сурати акс эттирилган 27 миллиардга яқин тангалар муомалада. Елизавета II ҳукмронлиги давомида Британия тангаларида унинг сурати беш марта ўзгарган. Унинг портрети туширилган биринчи тангалар 1953 йилда тож кийиш маросимидан сўнг, Қиролича 27 ёшда бўлганида чиқарилган. Елизавета портретлари 1 фартинг (1/4 тийин), ярим пенни ва тийин, уч ва олти пенни, бир ва икки шиллинг номиналидаги тангаларда, тож ва ярим тожларда, кейинроқ олтин суверенларда пайдо бўлган. Янги дизайндаги тангалар 1968 йилда, қиролича 42 ёшдалигида, кейин 1985 йилда, қиролича 60 ёшга кирганида, ва 1998 йилда – 72 ёшида пайдо бўлган. Қиролича Елизавета II нинг сўнгги портрети Британия тангаларида 2015 йилда акс эттирилган.
LiveБарчаси