Британия тарихидаги энг қиммат ажрим. Дубай амири 6-хотинига 550 млн фунт тўлайди
Олам
−
21 Декабрь 2021
14448БAA Бош вазири, Дубайнинг мультимиллиардер ҳукмдори, хотинига 251.5 миллион фунт стерлинг миқдорида товон пули тўлайди. Бу ҳақда бугун, 21 декабрь куни Буюк Британия Олий суди ҳукм чиқарди.
Иордания собиқ Қиролининг қизи, 47 ёшли малика Ҳая Бинт Aл-Ҳусайн, Дубай Aмири шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактумнинг 6 нафар хотини орасида енг ёши ҳисобланади.
Суд ҳукмида белгиланган сумма малика Ҳаяга тегишли бўлган икки миллион фунтлик мулкни бошқариш харажатларини қоплаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш учун ажратилмоқда. Маликага тегишли мулкларнинг бири Лондоннинг Кенсингтон саройи ёнида, бошқаси эса Британиянинг Суррей графлигидаги Эгам шаҳрида жойлашган ва унинг асосий резиденцияси ҳисобланади.
Шунингдек, суд ҳукмида малика ва шайхнинг никоҳидан туғилган икки нафар фарзанднинг ҳар бирига, йиллик 5,6 миллион фунт стерлинг миқдорида кафолатланган тўловлар ҳам тайинланган. Маликанинг 14 ёшли қизи ва тўққиз ёшли ўғли бор. Бундан ташқари фарзандлар 290 миллион фунт стерлинг кафолат пули билан ҳам таъминланадиган бўлди.
Малика 2019 йилда, Шайх Муҳаммад ўзининг мамлакатдан қочиб кетган икки қизи - Шайха Латифа ва Шайха Шамсани уларнинг хоҳишига қарши Дубайга қайтариб олиб келгани ортидан ўз ҳаётини хавф остида дея ҳисоблай бошлаган. Ҳая 2019 йилда болалари билан бирга Дубайдан қочиб Британияда бошпана топган.
72 ёшли Шайх Муҳаммад Олий суд томонидан унга нисбатан қўйилган фарзандларини ўғирлаш ҳақидаги айбловни рад этган.
Шайх малика Ҳаяни Британия армиясининг собиқ қўриқчиси билан ишқий муносабатда бўлганликда гумон қилиб, унга таҳдид сифатида “Яшадинг, ўлдинг” номли шеърий тўпламини чоп этган. Британияга кўчиб ўтган маликага тинимсиз таҳдидли хабарлар кела бошлаган. Таҳдидларда “Биз сени қаерда бўлсанг ҳам, албатта, топамиз” дейилган. Шундан сўнг ўз ҳаёти ва фарзандларидан хавотирда бўлган малика хавфсизлик учун катта маблағ сарфлашига тўғри келган. Бугун эълон қилинган суд қарорида Ҳая ва болаларининг хавфсизлиги учун ҳам катта миқдордаги маблағ ажратилиши белгиланган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси