Британия Россияни “бўғишда” давом этмоқда

Олам 10634
image

Буюк Британия ҳукумати Россия Федерациясидан яна 26 нафар жисмоний ва юридик шахсни санкциялар рўйхатига киритди. Ҳужжатнинг янгиланган версияси Британия ҳукуматининг сайтида чоп этилган

Буюк Британия “Россия темир йўллари” бош директори Олег Белозеров, Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игорь Конашенков, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари Николай Богданский, Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Александр Чуприян ва Россия махсус операциялари қўмондони Валерий Флюстиковга қарши санкциялар киритган. 

Рўйхатда Қора денгиз флоти қўмондони ўринбосари вице-адмирал Аркадий Романов, “Москва” крейсери капитани Антон Куприн, украиналик сиёсатчи Илья Кива, Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати директорининг биринчи ўринбосари Сергей Королев, "Национальная оборона" журнали бош муҳаррири Игорь Коротченко, Тактик ракета қуроллари бош директори Борис Обносов, журналист Алексей Пиманов, Ҳаво-десант кучлари қўмондони Андрей Сердюков, Ҳарбий-денгиз кучлари Бош штабининг собиқ раҳбари Андрей Воложинский, тадбиркор Герман Ханнинг рафиқаси Анжелика Хан, шунингдек Британия расмийлари Киев вилояти Буча қишлоғида ҳарбий жиноятларни содир этишда иштирок этган, деб ҳисоблайдиган “подполковник Азатбек Омурбеков” ҳам бор.

Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, санкциялар урушда ваҳшийлик қилган генералларга ҳамда ҳарбийларни қўллаб-қувватловчи корхоналар ва шахсларга нисбатан ҳам қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.

Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.

Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.

АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди. 

9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.

6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди. 

7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3
t
×