Британия Россия яқинидаги ҳарбийларини икки баравар кўпайтирмоқчи
Олам
−
30 Январь 2022
7174Лондон Эстониядаги ҳарбий контингенти сонини икки баробарга ошириш ва Украина атрофидаги вазият билан боғлиқ ҳолда мудофаа қуролларини етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон матбуот хизмати хабар берди.
“Бош вазир НАТОнинг барча мумкин бўлган ёрдамини кўриб чиқмоқда ва иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун Буюк Британия армиясини кучайтиришга интилмоқда. Буюк Британия Эстонияда қўшинлар сонини икки баробарга ошириш ва мудофаа қуролларини юборишни кўриб чиқмоқда. НАТОдаги иттифоқчиларни ҳимоя қилиш учун самолётлар, ҳарбий кемалар ва ҳарбий мутахассислар юборилиши мумкин”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Британия вакиллари келаси ҳафта Брюсселда НАТО вакиллари билан таклифнинг якуний тафсилотларини келишиб олишади, вазирлар эртага, 31 январь куни ҳарбий вариантларни муҳокама қилишади.
“Ушбу пакет Кремлга аниқ хабар берадики, биз беқарорлаштирувчи фаолиятга тоқат қилмаймиз ва Россиянинг душманлик ҳаракатларига қарши НАТОдаги иттифоқчиларимиз билан доимо бирга бўламиз. Мен келаси ҳафтада Европага шахсий таркиб ва техника юборишга тайёргарлик кўришни буюрдим. Шундай қилиб, биз НАТО иттифоқдошларимизни қуруқликда, денгизда ва ҳавода қўллаб-қувватлай оламиз”, деган Жонсон.
Қайд этилишича, Британия контингентининг эҳтимолий қайта жойлаштирилиши НАТО ва Буюк Британиянинг Скандинавия ва Болтиқбўйидаги ҳамкорларини қўллаб-қувватлаш имкониятларини кучайтиради. Бундан ташқари, Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес келаси ҳафта Венгрия, Словения ва Хорватияга ташриф буюради.
Айни пайтда Эстонияда 900 нафар, Украинада 100 нафар ва Полшада 150 нафарга яқин британиялик ҳарбийлар жойлашган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг 2015 йилда бошланган Украинадаги Orbital ўқув миссияси доирасида 22 мингга яқин украиналик ҳарбий хизматчилар ўқитилди, январь ойида Британия бу давлатга қўшимча янги ҳарбий инструкторлар ва 2000 та ракета жўнатди.
LiveБарчаси