Британия дронларидаги камералар Хитойга “қулоқлик” қилгани аниқланди
World
−
10 August 1669 2 minutes
Британиянинг элита махсус кучлари фойдаланадиган Қироллик ҳарбий-денгиз кучлари дронларидаги камералар Хитойдаги IP-манзилга маълумот юборгани аниқланди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Маълум қилинишича, Қироллик денгиз пиёдалари томонидан бошқариладиган K3 Scout учувчисиз кемаларидаги камераларда Хитойда ишлаб чиқарилган компонентлар бўлган. Қурилмалар камералар интернетга улангани ва нормал ишлаётганини билдирувчи “heartbeat” сигналларини Хитойдаги IP-манзилга юборган.
Ҳодиса аниқлангач, Буюк Британия Мудофаа вазирлиги камераларнинг интернетга уланиш имкониятини ўчирган. Расмийлар махфий ҳарбий маълумотлар ёки Мудофаа вазирлиги тизимларига кирилгани ёхуд маълумотлар хорижга узатилганига оид далиллар топилмаганини билдирган.
Маълумотларга кўра, Қироллик денгиз пиёдалари томонидан бошқариладиган K3 Scout дронларидан 2026 йил март ойидан фойдаланиб келинмоқда. Қиймати 12 миллион фунт стерлинг бўлган дронлар паркини Британиянинг Kraken Technology Group мудофаа компанияси етказиб берган. Компания дронларга ўрнатилган камераларни эса учинчи томон етказиб берувчисидан харид қилган.
Мазкур дронлардан Ҳормуз бўғози орқали кемалар ҳаракатланиш эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилган эҳтимолий Британия мудофаа режаларига тайёргарлик жараёнида ҳам фойдаланилгани айтилмоқда.
Маълумот учун, K3 Scout 600 килограммгача юк кўтара олади ва 30 кунгача узлуксиз ишлаши мумкин. Тизим АҚШ Махсус операциялар қўмондонлиги томонидан ҳам харид қилинган ҳамда НАТОнинг Болтиқбўйидаги машғулотларида қўлланган.
Британия Мудофаа вазирлиги ушбу заифлик мунтазам киберхавфсизлик текшируви давомида аниқланганини маълум қилган. Kraken Technology Group эса ўтказилган аудит натижасида махфий маълумотлар рухсат этилган каналлардан ташқарига узатилмаганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги хорижий разведка хизматлари мамлакат сув ҳудудларини кузатиш учун сенсорлар ўрнатилган ҳайвонлардан фойдаланаётганини маълум қилган эди.
Live
All