Британия Ассанжни АҚШга беришга қарор қилди
Олам
−
17 Июнь 2022
7762Британия ички ишлар вазири Прити Пател WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни АҚШга экстрадиция қилишга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 17 июнь куни вазирликнинг расмий вакили маълум қилди.
“17 июнь куни [Вестминстер] Магистрлар суди ва [Лондон] Олий суди томонидан кўриб чиқилгандан сўнг, Ассанжнинг АҚШга экстрадиция қилиниши маъқулланди. Ассанж одатдагидек 14 кунлик апелляция бериш ҳуқуқига эга”, дея унинг сўзларини келтиради “Guardian” газетаси.
Қўшма Штатларда 50 ёшли австралиялик Жулиан Ассанж Америка тарихидаги махфий маълумотларни ошкор қилишнинг энг йирик иши билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда. Унга қўйилган айбловлар бўйича 175 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин. Ўтган ой Лондондаги Вестминстер магистратура суди Олий суд қароридан сўнг, Ассанжни АҚШга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Охирги уч йил давомида Ассанж Лондоннинг Белмарш юқори хавфсизлик қамоқхонасида сақланмоқда.
Жорий йилнинг январь ойида Лондондаги Вестминстер магистратура суди WikiLeaks асосчисининг экстрадиция қилинишини ноқонуний деб топди, чунки аутизм ва клиник депрессиядан азият чекаётган Ассанж АҚШ қамоқхонасига тушиб қолса, ўз жонига қасд қилишга тайёр. Бу Ассанжни АҚШга экстрадиция қилишдан бош тортиш учун асос бўлди, у ерда унга қарши 18 та жиноий иш қўзғатилди, аммо бу қарор АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эътирозга учради.
Ўтган йилнинг декабрь ойида австралиялик адвокатлар Буюк Британия Олий судида қабул қилинган қарор устидан шикоятни кўриб чиқишни сўраб Лондон Олий судига мурожаат қилишган. 24 январь куни Лондон Олий суди қарор устидан Буюк Британия Олий судига шикоят қилиниши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди. 15 март куни олий суд журналистни бу ҳуқуқдан маҳрум қилди. Экстрадиция бўйича якуний қарорни Ички ишлар вазири Пател қабул қилиши керак эди.
Жулиан Ассанж – австралиялик журналист ва телебошловчи ва “WikiLeaks” асосчиси.
Маълумот ўрнида, Жулиан Ассанж 2010 йилда Швецияда жинсий зўрлаш номусга тегишда айбланган эди. 2012 йил июнь ойидан бери у Лондондаги Эквадор элчихонаси ҳудудида яшириниб юрди ва 2019 йил апрель ойида АҚШ сўровига биноан ҳибсга олинди. Лондон суди Ассанжни гаров шартларини бузганликда айбдор деб топди ва уни 11 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Америка Қўшма Штатларида у жосуслик тўғрисидаги 18 та қонунни бузганликда, шунингдек, махфий маълумотларни ошкор қилганликда айбланмоқда.