Британия 25 йил ичида биринчи марта Россиядан ёқилғи импорт қилмади

Олам 3591
image

2022 йил июнь ойида Буюк Британиянинг Россиядан товарлар импорти ҳажми 33 миллион фунт стерлингга камайди. Бу сўнгги 25 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлиб, биринчи марта Россия ёқилғиси умуман импорт қилинмади. Бу ҳақда бугун, 24 август куни Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, Лондон томонидан Москвага нисбатан жорий этилган иқтисодий санкциялар фонида 2022 йил июнь ойида Россиядан товар импорти 33 миллион фунт стерлингни ташкил этган. Бу 1997 йилнинг январь ойидан бери энг паст кўрсаткичдир.

2022 йил июнь ойида Россияга маҳсулот экспорти 83 миллион фунт стерлингни ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан бироз ўсди. Бироқ, Россияга товарлар экспорти қиймати тарихан пастлигича қолмоқда. 2022 йилнинг июнига келиб, Россияга экспорт 2022 йилнинг февралигача бўлган 12 ойлик ўртача ойлик экспортга нисбатан 168 миллион фунт стерлингга (66,9 фоизга) камайган.

Маълумотларга кўра, Буюк Британия Россиядан кўпроқ импорт қила бошлаган ягона товар ўғит бўлган. Июнь ойида ўғит импорти 61,6 миллион фунт стерлингни ташкил этиб, бу 2022 йил февралгача бўлган 12 ой учун ўртача кўрсаткичдан 1,4 миллион фунт стерлингга ёки 2,3 фоизга кўпдир. Британия Россияга фақат тиббий ва фармацевтика маҳсулотлари, органик синтез маҳсулотлари ва турли электротехника товарларни экспорт қилишда ўсган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 74
Рейтинг: 3
t
×