Бразилияда сув тошқини қурбонлари сони 150 дан ошди
Олам
−
20 Февраль 2022
3482Бразилиянинг Петрополис шаҳрида кучли ёмғир оқибатида юзага келган кўчки ва сув тошқинлари қурбонлари сони 152 нафарга етди. Ҳалок бўлганларнинг камида 27 нафари вояга етмаганлардир. Бу ҳақда “Globo” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, қутқарувчилар вайроналар остидан омон қолган 24 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлган, 165 нафари бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Қидирув ишларига 500 нафар қутқарувчи, 200 нафар полициячи, шунингдек, ҳарбий ва кўнгиллилар жалб қилинган. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, фожиадан тўрт кун ўтиб тирик қолганларни топиш имконияти 7 фоиздан ошмайди.
Штат губернатори Клаудиу Каструнинг таъкидлашича, бундай кучли ёмғир ёғиши 1932 йилдан бери кузатилмаган эди.
Мамлакат Фавқулодда вазиятлар хизматлари 190 га яқин кўчкилар ва 230 га яқин кичик ҳодисалар ҳақида маълумот олган. 80 та турар-жой биносига зарар етган, улардан камида 54 таси бутунлай вайрон бўлган. Жорий йилнинг 15 февраль куни олти соат ичида 260 мм ёмғир ёғган (ойлик меъёрдан ортиқ).
Шаҳар ҳокимияти мотам ва фавқулодда ҳолат жорий қилди. Кейинги кунларда синоптиклар кўпроқ ёғингарчилик бўлишини тахмин қилмоқда.
Маълумот учун, Бразилиянинг шимолий, марказий ва жануби-шарқий қисмларида декабрь ойининг охиридан март ойининг охиригача бўлган вақтда ёғингарчилик кўп кузатилади. Улар Амазоннинг экваториал ўрмонларидан жануби-шарқий йўналишда Атлантика океани томон илиқ, нам ҳаво ҳаракати натижасида юзага келади. 2020 йил январь ойида мамлакат жануби-шарқида табиий офат 66 кишининг ҳаётига зомин бўлган. 2021 йил ноябрь ойидан яъни ёмғирли мавсум бошланганидан бери Бахия, Минас-Жераис, Рио-де-Жанейро ва Сан-Паулу штатларида 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
2011 йилнинг январь ойида кучли ёмғир оқибатида юзага келган кўчки ва сув тошқинлари натижасида Рио-де-Жанейронинг тоғли ҳудудларида 900 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 100 га яқин киши бедарак йўқолган, 35 мингга яқин аҳоли бошпанасиз қолган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь