Брэд Питт ва Анжелина Жоли ўртасидаги суд натижаси эълон қилинди

Маданият-санъат

image

Голливуднинг собиқ юлдузли жуфтлиги Брэд Питт ва Анжелина Жоли ўртасидаги мулкий можаро юзасидан бўлиб ўтган суд мажлиси ўз поёнига етди. Лос-Анжелесдаги суд Анжелина Жолининг “Miraval Chateau”  вино заводи бўйича мулкий келишувга бўлган ҳуқуқларини тан олди. Бу ҳақда “Page six” нашри хабар берди. 

“Chateau Miraval” (қалъа) узумзор ва унга қўшимча вино заводи 2008 йилда Брэд Питт ва Анжелина Жоли томонидан сотиб олинган. 2014 йилда жуфтликнинг тўй маросими айнан шу ерда бўлиб ўтган. Франциянинг жанубидаги ушбу қалъа ҳудудида вино заводи ҳам мавжуд бўлиб, 2021 йилда Анжелина Жоли ўз улушини россиялик миллиардер, алкоголли ичимликларнинг йирик ишлаб чиқарувчиси SPI Group эгаси Юрий Шефлерга сотиб юборган. Брэд Питт бу воқеадан бир ой ўтиб хабар топган. Питтнинг таъкидлашича, Жоли олди-сотди вақтида унинг розилигини олмаган ва тафсилотларни атайин ундан яширган.

Охирги суд мажлисида Анжелина Жолининг адвокатлари унинг собиқ турмуш ўртоғидан вино заводининг ўзига тегишли қисмини сотиши ноқонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Брэд Питт вакиллари эса суддан актрисанинг ҳужжатлар сўровини рад этишини талаб қилишган, бироқ Лос-Анжелесдаги суд Питт зарур ҳужжатларни қарама-қарши томонга тақдим этиши кераклигини маълум қилган. Шу тариқа актёрнинг уринишлари зое кетган ва Анжелина Жоли судда ғалаба қозонган.

Брэд Питт ва Анжелина Жоли ўртасидаги судлашувлар шу билан ўз ниҳоясига етди дейишга ҳали эрта, бунинг сабаби, Голливуд юлдузлари 2019 йилда расман ажрашган бўлса-да, ҳали ҳам фарзандларининг келажаги масаласини ҳал қилишмаган. Жуфтликнинг олти нафар фарзанди бўлиб, улардан уч нафари асраб олинган. Суд жараёнлари вақтида фарзандлар Анжелина билан қолишади. Брэд Питтнинг фикрича, болалар онасига янада кўпроқ ўрганиб қолишлари учун ҳам Анжелина суд жараёнларини атайин кечиктирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1028

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг