Брэд Питт дарди бедавога йўлиққанини тан олди

Маданият-санъат 42133
image

Голливуд юлдузи Брэд Питт “GQ” журналига берган интервьюсида бир неча йилдан буён ҳали давоси топилмаган ва камёб касалликдан азият чекаётганини маълум қилди. 

Киноюлдуз прозопагнозия касаллигига чалинган бўлиб, ушбу хасталикнинг асосий белгиси бошқа инсонларнинг юзларини таний олмаслик ва чеҳраларни ажратолмасликдир.

Интервьюда, Брэд Питт, одамларнинг юзларини яхши ажратолмаслиги сабаб байрамлар, зиёфатлар, айниқса, оммавий тадбирларда қийналиши, ўзини ноқулай ҳис қилишини айтган

Унинг сўзларига кўра, бундай вақтда атрофдагилар актёрни совуққонлик, беэътиборлик ва такаббурликда айблайди. 

Ҳали шифокорлар Питтда ушбу касаллик кечаётгани юзасидан аниқ хулоса бермаган. Бироқ икки карра “Оскар” мукофотини қўлга киритган дунё юлдузининг ўзи прозопагнозияга чалинганига ишонади. У интервьюда одамлардан бу вазиятда уни тўғри тушунишларини сўраган ва ўзи каби касаллик билан курашаётган беморлар билан кўришиш ниятида эканини билдирган.

Прозопагнозия касаллиги ҳақида

Бу касалликка чалинган одамлар юз ва чехраларни идрок эта олмайдилар.

Юзларни таний олмаслик XIX асрда Хьюлингс Жексон ва Жан-Мартен Шарконинг изланишлари натижасида фанга маълум бўлган. 1947 йилда немис неврологи Йоахим Бодамер томонидан ушбу касалликка прозопагнозия номи берилган.

Касалликнинг орттирилган шакли мия шикастланишидан келиб чиқади ва кўпинча катталарда учрайди. Шахсда юзларни таниб олиш қобилияти болаликдан етарли даражада ривожланмаслиги эса туғма прозопагнозия дейилади.

Ушбу касалликни даволаш учун бир нечта уринишлар бўлган бўлса-да, ҳеч қандай терапия прозопагнозиклар гуруҳида ижобий натижа кўрсатмаган. Умумий миқёсда қабул қилинган даволаш усуллари ҳам мавжуд эмас. 

Прозопагнозиклар кўпинча “бўлак-бўлак” ёки “хусусиятлар бўйича” таниб олиш стратегияларидан фойдаланишни ўрганадилар. Бу кийим, юриш, соч ва терининг ранги, тана шакли ва овози каби иккиламчи хусусиятларни ўз ичига олиши мумкин. 

Германиядаги кўплаб талабаларда ўтказилган тадқиқотларда, юзни аниқлаш қобилиятининг сустлиги даражасини 2% дан 2,5% гача эканлиги аниқланган. Яъни, ҳар 50 кишидан бирида прозопагнозия касаллиги бўлиши мумкин. Буюк Британия мисолида тахминан 1,5 миллион одамда ушбу касалликнинг белгилари ёки аломатлари борлиги аниқланган.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 838
Рейтинг: 3
t
×