БП 46 та самолёт ҳақида тарқатган “расмий” хабари аслида расмиймаслигини расман эълон қилди

Жамият 11737
image

Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жорий йилнинг 14-15 август кунлари Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудуди чегарасидан 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёт ноқонуний ўтгани, уларнинг ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлгани ҳақида расмий хабар берган эди. 

Орадан кўп ўтмай, прокуратура ўзи тарқатган “расмий хабар” текширилмаган ва далиллар билан асосланмаганини айтиб, узр сўраб чиқди. Қайд этилишича, Ўзбекистонга Афғонистон ҳудудидан 46 та самолёт кириб келгани ҳақидаги маълумотларга ишонмаслик керак. 

“Бош прокуратуранинг “Telegram”каналида 2021 йил 14-15 август кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди ҳамда қўшни Афғонистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда рўй берган воқеалар ҳақида баёнот берилганди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда рўй бераётган ўзгаришлар дунё ҳамжамияти диққат марказида турибди. Тўлқинли воқеликлар туфайли аксарият одамларда турли-туман тушунчалар шаклланиб келмоқда. 

Тан олиш зарур, ҳар доим ҳам бундай вақтда расмий манбаалар ҳам айрим камчиликлар, яъни ахборот тарқатишдаги адашмовчиликлар, текширилмаган далиллар юзасидан маълумот бериб юбориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу тарзда, Бош прокуратуранинг “Telegram” каналида чоп этилган баёнот ҳам охиригача аниқлаштирилмай, мутасадди идораларнинг расмий текширилган маълумотларига таянмаган ҳолда чиқарилган.

Шу боис, Бош прокуратуранинг “Telegram”каналига маълумотларни жойлаштириш учун масъул бўлган тармоқ ходимлари шошма-шошарлик билан чиқарилган мазкур баёнот учун расман узр сўрашмоқда.

Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслик учун тегишли чоралар кўрилди”, дейилади баёнотда. 

QALAMPIR.UZ Бош прокуратуранинг галдаги баёноти чинакамига расмийлигига умид қилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 485
Рейтинг: 2.9
t
×