Божхона пости раҳбари 5 минг доллар пора олаётганда ушланди (видео)
3-саҳифа
−
10 Январь 10954 2 дақиқа
Фарғонада 80 дона телефонни ҳеч қандай текширув ва божхона тўловларисиз чегарадан ўтказиб юбориш эвазига 5000 доллар талаб қилган божхона пости раҳбари ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган Фарғона вилоятидаги чегара-божхона постларидан бирининг раҳбари муқаддам бир неча бор чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган шахсга Қирғизистондан уяли алоқа телефонларини олиб ўтса, катта фойда кўриши мумкинлигини айтиб, моддий манфаатдорлик эвазига кўмаклашишини билдирган.
Шундан сўнг, фуқаронинг Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармасига йўллаган мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилган. Маълум бўлишича, қўшни давлатдан икки дона юк автомашинасида мамлакат ичкарисига олиб кирилган 80 дона уяли алоқа телефонларини ҳеч қандай текширув ва божхона тўловларисиз ўтказиб юбориш эвазига судланувчи товар эгасидан 5000 доллар ҳамда ноқонуний товар сифатида олиб ўтилаётган телефонлардан бирини “совға” сифатида талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида у Фарғона туманининг “Минданобод” маҳалласи ҳудудида фуқародан талаб қилинган пул маблағлари ҳамда телефон аппаратини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Қува туман судида кўриб чиқилган. Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Судланувчи ушбу модда билан 3 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси тизимида ҳамда давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида пора билан ушланган профилактика инспекторига 3 йил 11 ой 1 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.
Live
Барчаси