Боёвутдаги трактор паркида қиморхона ташкил этилгани аниқланди

Жамият

image

Боёвутда қиморхона ташкил этган фуқароларнинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.М. ва бошқалар Боёвут туманидаги эски трактор парки биносида қонунга хилоф равишда қимор ва таваккалчиликка асосланган хўроз уриштириш ўйинини ташкил этиб, ушбу ўйинга фуқароларни жалб қилган ҳолда ўйинга кириш учун ҳар бир кишидан маълум миқдорда пул йиғиб олиб, қиморхона ташкил этганлари аниқланган. 

Шунингдек, М.М.нинг турмуш ўртоғи М.Ш. номига берилган фаолият тури сифатида “Миллий ўйинлар ташкиллаштириш” деб кўрсатилган гувоҳнома, аслида “Ташкилотлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш хизмати” учун берилган бўлиб, М.М. томонидан қиморхона ташкил қилиш мақсадида сохталаштирилганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.М. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш Жиноят кодексининг 278-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг