Бой давлатнинг “камбағал” президенти – Ҳалима Ёқуб. Нега уни ҳамма яхши кўряпти?
Бу қизиқ
−
25 Май 2023
42241Бой давлатда яшайди, аммо хашаматларсиз ҳаёт кечиради. Ўта масъулиятли вазифани бажаради, лекин у аёл киши. У Президент, бироқ оддий ва арзон кийимлар кияди. Ҳа, дунёда шундай президентлар ҳам бор. Гап энг бой давлатлардан бири бўлган Сингапурнинг Президенти Ҳалима Ёқуб ҳақида кетмоқда.
Қоровулнинг қизи
Ҳалима Ёқуб 1954 йилнинг 23 августида Сингапурнинг Queen Street кўчасида туғилган. У оддий оиланинг фарзанди – отаси Ёқуб ҳинд, онаси эса малай бўлган. Отаси қоровул бўлиб ишлаган, бироқ Ҳалима 8 ёшга тўлганида у бедарак йўқолади ва шундан сўнг, беш фарзанднинг тарбияси онасининг қўлида қолиб кетади. Оила бир хонали уйда яшаган ва Ҳалима 10 ёшидан бошлаб онасига нон топишда кўмаклашган. Оиланинг моддий имконияти хавас қиларли даражада бўлмаса ҳам Ҳалима жон-жаҳди билан ўқишга киришади, қашшоқлик ва қийинчиликлар билан Сингапур Миллий университетининг ҳуқуқшунослик йўналишига ўқишга киради. 1978 йилда бакалавр, 2001 йилда эса ҳуқуқ йўналиши бўйича магистрлик даражасини олди. 2016 йил 7 июлдан у Сингапур Миллий университетининг юридик фанлари доктори фахрий даражасига ҳам эга бўлди.
“Сингапурда вояга етганим учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Менинг оилам камбағал бўлишига қарамай, яхши таълим олишга ҳаракат қилдим ва уддаладим. Натижада бу менинг сиёсий карьерам учун илк қадам бўлди ва камбағалларга ёрдам беришга имкон яратди”, дейди Сингапур Президенти Ҳалима.
Таниш-билишларсиз лавозимга кўтарилиш
Ҳалима хоним ўз карьерасини Сингапур Миллий касаба уюшмалари конгрессида бошлаган. Билимли ва тиришувчан бўлгани сабабли кўзга ташланган ва 2001 йилда у парламент депутати этиб сайланган. Фақат ўз кучи билан юқори давлат лавозимларигача кўтарила олган. 2011 йил ўтказилган сайловлардан сўнг, у Ижтимоий ривожланиш, ёшлар ва спорт вазири, кейинчалик эса Ижтимоий сиёсат ва оила вазири лавозимларига тайинланди.
2013 йил 8 январда у Бош вазир Ли Сяньлун томонидан парламент раислигига таклиф қилинди, ўша йилнинг 14 январида у Сингапур Парламенти раиси этиб сайланди. Шу тариқа Ҳалима Ёқуб Сингапур тарихидаги биринчи аёл парламент спикери бўлди.
Лекин Ёқуб хонимнинг карьера чўққиси ҳали бу эмасди, у Президент бўлишга қарор қилди.
2017 йил 6 августда эса у президентлик сайловларида иштирок этиш учун парламент раиси лавозимини тарк этди.
Номзодликка кўрсатилишидан бироз олдин у 2001 йилдан бери аъзо бўлган “Халқ ҳаракати” партиясини тарк этганди.
Президентлик талабларига жавоб бера олган ягона номзод
Ҳалиманинг сайловолди ташвиқоти харажатлари учун Сингапур ғазнаси 754 982 доллар ажратади. Аммо камсуқум номзод ҳали президент бўлмай туриб халқ маблағларини ортиқча сарфлашни истамайди ва ажратилган маблағнинг атиги 220 875 доллари ёхуд 30 % ини ишлатади.
2017 йилги Сингапур президентлиги учун номзодлар сони 5 нафар эди. Ҳалима хонимдан бошқа 4 номзод президентликка даъвогарлик қилар, бироқ улар номзодларга қўйиладиган талабларга жавоб бермагани учун сайловдан четлаштирилди. Чунки Сингапур президенти бўлиш учун номзод давлат хизматида иш тажрибасига эга бўлиши ёки капиталлашуви 500 миллион Сингапур доллари (тахминан 371 миллион АҚШ доллари)дан ошган компанияга раҳбарлик қилиши керак бўлган. Бошқа номзодлар талабга жавоб бермагач, барча талабларга жавоб бера оладиган ягона номзод Ҳалима Ёқубнинг ғалабаси эълон қилинди. У эса ўз компаниясини “Яхшилик қилинг, бирга ишланг” шиори остида олдинга бошлади.
Ҳалима Ёқуб хоним 2017 йилда лавозимга ўтириши билан фуқароларига қарата шундай деганди:
“Мен сингапурликларни президент сифатида ишонтираманки, ирқи, тили, динидан қатъи назар ҳар бирингизга хизмат қиламан. Ташвишим – Сингапур халқининг турмуш даражасини кўтариш!”
Гапига жавоб берадиган президент
Ҳалима Ёқуб президентлик курсисини эгаллаб олганидан сўнг ўз ваъдаларини унутиб юбормади, сўзига содиқ қолди. Ҳалима президентлик қилган 5 йил давомида:
1. Сингапурнинг йиллик кирим миқдори 2 триллион доллардан ошди.
2. Сингапур фуқаросининг йиллик даромади 85 000 доллардан юқорилади.
3. Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 400 млрд долларга яқин.
4. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 73 минг доллар атрофида ва бу бўйича дунёда кучли бешталикка киради.
5. Сингапур паспорти дунёдаги энг қиммат паспорт ҳисобланади.
6. Ишсизлик атиги 1%.
5. У ўн мингга яқин катта корхоналар очди.
6. Сингапурда бузғунчилик ва коррупция йўқолди.
7. Сингапурдаги ишлаб чиқариш корхоналарига солинган барча солиқлар бекор қилинди.
Хуллас, ҳақиқий президент қилиши керак бўлган ишларни у аллақачон ўз мамлакати учун қилиб бўлган. Гарчи, Сингапур президентлик эмас, парламент Республикаси ҳисобланса ҳам, мамлакатни асосан Бош вазир бошқарса ҳам Ҳалима Хоним сингапурликлар ҳаётини яхшилаш учун барча чораларни кўриб келмоқда. Шунинг учун ваколатлари кенг бўлмаса ҳам унинг мамлакатдаги нуфузи жуда юқори. Ҳалима Ёқуб иқтисодиёт ва кучишлатар тизимлар фаолиятига бевосита аралашмайди. У асосан ташқи сиёсат, ички осойишталик, фан, таълим, динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, маданият ва санъат каби йўналишларда ислоҳотларни амалга ошириб келади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан бугун Сингапур айнан илм-фан ортидан тараққиётга эришган давлатдир.
Раҳбарлик оилада ўтмайди
Ҳалима келиб чиқиши араб бўлган Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабши билан турмуш қурган ва уларнинг беш нафар фарзанди бор. Улар битта университетда - Муҳаммад Сингапур Миллий университетини физика факултетида, Ҳалима эса ҳуқуқшунослик фанлари бўйича бакалавр босқичида таҳсил олган. У ошхонада ўзи овқат пиширади ва бошқа рўзғор ишларини ҳам оила биргаликда бажаради. Президент сифатида қасамёд қилганидан сўнг, у Уй-жой ва ривожланиш кенгашининг камтарона квартирасида яшовчи биринчи президент сифатида танилган. Унинг квартираси Йишун шаҳридаги битта 5 хонали ва битта 4 хонали квартирадан иборат. Уй ўрта деворни бузиш орқали бирлаштирилган. Ҳалима аввалроқ у ваколат муддати давомида Уй-жой ва ривожланиш кенгашининг квартирасидан кўчиб ўтмаслигини айтди. Бироқ, 2017 йил 2 октябрда Ички ишлар вазирлиги хавфсизлик идоралари томонидан аниқланган хавфсизлик таҳдидлари туфайли у жамоат уйидан кўчиб ўтишини эълон қилди.
Ўзбекистонликларнинг хавасини келтирган раҳбар
Бугун ўзбекистонликлар орасида ана шу камтар Ҳалима Ёқубнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келгани кун мавзусига айланиб улгурди. Мамлакат аҳолиси унинг ҳар бир қадамини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Нега дейсизми? Чунки бадавлат мамлакатнинг Президенти Тошкентга махсус, қимматбаҳо, зирҳли самолётда эмас, ўзимизнинг UzAirways’нинг доимий рейсида келди.
Интернет маълумотларига кўра, Сингапур Президенти, Бош вазири ва расмий шахслари одатда қайсидир давлатга сафар қилса, доимий йўловчи рейсларга чиқишади. Чипта пулини ўз чўнтакларидан тўлайди ва самолётда бошқа йўловчилар билан бирга ўтиради. Улар асосан мамлакатнинг миллий авиакомпанияси – Singapore Airlines хизматларидан фойдаланади, йўналишга қараб бошқа ташувчиларнинг мунтазам рейсларида ҳам учишади.
Ҳалима Ёқуб даставвал, 21-23 май кунлари Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширди. 23 май куни эса Ўзбекистонга келди. Шундай қилиб у Сингапурнинг Марказий Осиёга келган биринчи президенти бўлди.
Сингапур Президенти ва унинг турмуш ўртоғини Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов дабдаба билан кутиб олди.
Ҳалима Ёқубни биринчи бўлиб “Янги Ўзбекистон” боғига олиб боришди. У ерда Сингапур делегацияси Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
24 май куни эса “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Саммит якунида жами 7 та муҳим ҳужжатлар имзоланди.
25 май куни эса Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб ўзбекистонликларни яна бир бор ҳайрон қолдирди. У бу сафар Самарқанд шаҳрига “Афросиёб” поездида оддий йўловчилардек йўлга чиқди. Олий мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди. Ҳайрон қолган Турдимов қайта-қайта “Хуш келибсиз, Ҳалима хоним” дейишдан чарчамади.
Сингапурлик Президент ўзининг Самарқандга ташрифини Ислом оламининг муқаддас қадамжоларидан бири бўлган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш билан бошлади. У ерда буюк муҳаддис ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Ундан кейин эса Ҳалима Ёқуб ва унинг турмуш ўртоғи биргаликда Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди.
Сингапур Республикаси президенти Ҳалима Ёқубнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳали ўз якунига етгани йўқ. Кўрамиз, бу камтар президент умри давомида бу даражада камсуқум амалдорларни кўрмаган ўзбекистон аҳолисини яна қандай ҳайратга солар экан? Президент Ҳалима Ёқубнинг ўзини тутиши, ҳар қадамда халқи пулига хиёнат қилмаётганини кўриб турганлар унга ўхшаш, ундан ўрнак олиш кераклиги ҳақида бош қотиряптимикан?
LiveБарчаси