“Босқинчи давлатлар”дан товон пули талаб қилинмоқда

Олам

image

Барбадос Бош вазири Миа Моттли қул савдосидан жабр кўрган давлатлар учун товон пули ундириш бўйича глобал музокаралар ўтказишга чақирди.

Жорий йилнинг 6-декабрь куни Лондон Иқтисодиёт мактабида сўзлаган нутқида Барбадос Бош вазири Миа Моттли Буюк Британияни трансатлантик қул савдоси учун 4,9 триллион доллар товон тўлашини талаб қилди.

Унинг қўшимча қилишича, бу қарзни қандай тўлаш бўйича музокаралар ўтказиш “қийин ва вақт талаб этади”.

“Биз товон тўлови бир йил, икки ёки беш йил ичида тўланишини кутмаяпмиз, чунки бойликларни қазиб олиш ва зарарлар асрлар давомида содир этилган. Лекин биз бунга жаҳон ҳамжамиятининг эътибор қаратишини истаймиз”, дейди Бош вазир.

Бир кун олдин Моттли Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон билан учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди, аммо Кэмерон Британиянинг қуллик билан боғлиқ қарзи бўйича позицияси ҳақида тафсилотларни оммавий ахборот воситаларига ошкор қилмади ва фақатгина “Ташқи ишлар вазири бу масала бўйича ўз қироллигидан кўрсатма” кутишини айтди.

Ўз навбатида Қирол Чарльз Буюк Британиянинг қул савдосидаги ролини тан олди ва қуллик ортидан етказилган адолатсизлик ва азоб-уқубатлардан афсусда эканлигини очиқчасига изҳор қилиб, молиявий товон тўлаш ҳақида эса ҳеч қандай изоҳ бермади.

У 2018-йилда Ганадаги нутқида қулликни қоралаб, уни ҳеч қачон унутиб бўлмайдиган “даҳшатли ваҳшийлик” ва “чуқур адолатсизлик” деб атаган бўлса, жорий йилнинг июнь ойида Руандада қилган чиқишида “ўтмишни тан олиш” муҳимлигини, шу жумладан қулликни “оғриқли давр” деб атаганини айтди.

Тахминан 3,1 миллион африкалик Британия империяси даврида қуллик савдосига дучор бўлган, улардан 2,7 миллиони Британиянинг Кариб денгизи, Шимолий ва Жанубий Америкадаги колонияларига ва 150-йил давомида бошқа жойларга юборилган. Қул савдоси 1807-йилда Британия парламенти томонидан бекор қилинган.

2018-йилда орол давлатининг раҳбари бўлганидан бери Моттли мустамлакачилик мероси ҳақида бонг уриб, империя томонидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилиб келмоқда.

Трансатлантик қул савдоси харажатларини таҳлил қилган Brattle Group ҳисоботидаги рақамларга таяниб, у Буюк Британиянинг трансатлантик қулликдан жабрланган 14 мамлакатга товон пули учун 24 триллион доллар қарзи борлигини, Испаниянинг 17,1 триллион доллар, Франциянинг 9,2 триллион доллар ва Нидерландиянинг эса 4,86 триллион доллар қарзи борлигини айтди.

“Бу рақамлар, агар контекстдан олинса, ҳайратланарлидек туюлиши мумкин. Аммо маълум вақт давомида тўпланган жами бойликка нисбатан бу рақамлар жуда кам", деди Моттли.

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак апрель ойида қул савдоси учун узр сўраш ёки товон пули таклиф қилишдан бош тортиб:

“Тарихимизни очишга уриниш — бу тўғри йўл эмас ва ўз кучимизни қаратишга арзимайди", деганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Сулаймонийнинг ҳуни учун АҚШдан 50 миллиард талаб қилаётган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Босқинчи давлатлар Миа Моттли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар