“Бошга битган бало”. Коронавирус авиакомпаниялар оёғига “болта урмоқда”
Олам
−
28 Декабрь 2021
4982Коронавирус дунё бўйлаб парвозларнинг рекорд даражада бекор бўлишига сабаб бўлмоқда. Кеча, 27 декабрь куни дунё бўйлаб 2 200 дан зиёд рейслар қолдирилган. Қолдирилган парвозларнинг энг кўпи АҚШ ва Хитой авиакомпаниялари ҳисобига тўғри келмоқда.
АҚШ ҳаво йўллари маъмуриятининг маълум қилишича, рейсларнинг бекор қилинишига тест топширган йўловчиларда вирус аниқланиши ёки аҳолининг оммавий равишда карантинга олиниши сабаб бўлмоқда.
Маълум қилинишича, Хитойга қарашли авиакомпаниялар йўқотишлар борасида етакчилик қилмоқда. 27 декабрь куни биргина Пекин ва Шанхай аэропортларининг ўзида 300 дан ортиқ парвозлар қолдирилган. Бунга, мамлакат бўйлаб янги касалланиш ҳолатларининг сони ортиши сабаб бўлгани айтилмоқда. Қайд этилишича, вируснинг оммавий равишда тарқалиши сабабли Хитойнинг Хи шаҳрининг ўзида 13 млн кишига уй карантинида ўтириш буюрилган.
Жанубий Кореядан учиб келган йўловчилар орасида вирусга чалинганлар аниқлангани ортидан Гонконг “Korean Air Flights”нинг барча рейсларига икки ҳафталик чеклов жорий қилган.
24 декабрь кунидан буён дунё бўйлаб бекор қилинган парвозлар сони 8 000 дан ошиб кетгани билдирилмоқда.
Британиянинг “British Airways” компанияси 27 декабрь куни 40 дан ортиқ рейслар қолдирилгани ҳақида маълум қилган.
Бундан ташқари, денгизда туристик хизматлар кўрсатувчи круиз лайнерлари ҳам вирус етказаётган зарардан бебаҳра қолишмаяпти. Қўшма Штатлар ҳукуматининг маълум қилишича, мамлакат соҳиллари бўйлаб сузиб юрувчи ўнлаб лайнерларда янги касалланиш ҳолатлари аниқлангани сабаб, улар Кариб денгизи соҳилларига киритилмаяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, бутун дунё бўйлаб вируснинг янги штамми “omicron” жуда катта тезлик билан тарқалмоқда.
Американинг Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён, дунё бўйлаб қарийб 5,4 миллион одам коронавирусга чалиниб вафот этган. Уни юқтириб олиш билан боғлиқ 280 миллионга яқин ҳолатлар қайд этилган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси