Бош прокуратура отиб кетилган журналист бўйича тергов бошлади
Олам
−
21 Июнь
10778Қозоғистон Бош прокуратураси Киевда қозоғистонлик журналист Айдос Содиқовга нисбатан уюштирилган суиқасд бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабар берди.
“Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси 18 июнь куни Киевда содир бўлган Айдос Содиқовни ўлдиришга қаратилган суиқасд бўйича судгача терговни бошлади”, дейилади хабарда.
Манбага кўра, мазкур жиноят бўйича тезкор-тергов гуруҳи шакллантирилиб, жиноятни фош этиш ва гумонланувчиларни ушлаш бўйича зарур тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилмоқда.
“Кеча Қозоғистон Бош прокурори Украина Бош прокурорига ушбу жиноятни очишда қозоғистонлик энг тажрибали терговчиларни жалб қилган ҳолда ҳар томонлама ёрдам бериш таклифи билан мурожаат қилди”, дея қўшимча қилди прокуратура.
18 июнь куни Киевда қозоғистонлик мухолифатчи журналист, "Base" YouTube ва Telegram каналлари асосчиси Айдос Содиқовга суиқасд уюштирилди. Номаълум шахс тўхтаб турган машинага яқинлашиб, Айдосга қарата ўқ узган. Бу маҳалда машина ичида журналистнинг рафиқаси бўлган.
Украина Бош прокуратураси Қозоғистоннинг икки фуқароси қотилликка суиқасдда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди. Улар халқаро қидирувга берилган.
Содиқов рафиқаси Наталья билан 2014 йилдан буён қочқин мақомига эга бўлган ҳолда Украинада истиқомат қилади. Қозоғистонда улар 2023 йилдан буён ижтимоий, миллий ёки диний адоват қўзғатишда айбланиб, қидирувга берилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат юзасидан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 19 июнь куни баёнот берди.
“Сиз менинг принципиал позициямни биласиз: мамлакатда қонун ва тартиб, бошқача қилиб айтганда, ушбу иккита нарса ҳукмрон бўлиши керак. Жамиятимиздаги барча низо ва келишмовчиликлар фақат амалдаги қонунчилик асосида, асосий халқаро стандартларга мувофиқ ҳал этилиши керак. Айнан шу нуқтайи назардан, кеча Киевда Қозоғистон фуқароси Айдос Содиқовга нисбатан содир этилган жиноятни жиддий кўриб чиқишимиз зарур”, деган Тўқаев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь