Бош прокуратура мулкдорлар ҳуқуқи кафолати бўйича назоратни кучайтиради – Президент қарори
Жамият
−
21 Ноябрь 2019
4558Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш – 2020” ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида:
1. Барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси ҳамда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига сўзсиз риоя қилишлари шартлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.
Белгилансинки, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ташаббуси билан чиққанлик учун ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминласин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (Зокиров), Энергетика вазирлиги (Султанов), Ерресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Абдуллаев), Марказий банки (Нурмуратов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов) раҳбарларига қурилиш учун рухсатномалар бериш, электр таъминоти тизимига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит бериш ҳамда тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши етарли эмаслиги натижасида “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи тегишли индикаторлари бўйича мамлакатнинг рейтингдаги ўрни пастлигича қолаётганлиги кўрсатиб ўтилсин.
Юқорида кўрсатиб ўтилган вазирлик ва идораларнинг ҳар бирида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни жойлардаги ижрочиларга етказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилсин.
Мазкур ишчи гуруҳлар зиммасига ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жойлардаги ижрочиларга етказиш ва тушунтириш, қонун ҳужжатларини нотўғри қўллаш амалиётини бартараф этиш, жойларда тадбиркорларнинг фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориш, тегишли орган томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва уларга соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юклансин.
Ишчи гуруҳлари амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар ой якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маълумот киритиб борсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2020 йил 1 февралдан бошлаб:
экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Бунда ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига интеграция қилинади;
фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;
юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади;
б) 2020 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига улаш жараёнида сарфланадиган харажатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровномасига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур маблағлар тадбиркорлик субъектлари фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан бир йил давомида ундириб олинади.
4. 2020 йил 1 январдан қуйидаги талаблар бекор қилинсин:
тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;
давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;
мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.
5. Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга доир “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин:
қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарнома юбориш тартибини бекор қилиш, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно;
объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари юзасидан ижобий экспертиза хулосаси ва қурилиш иштирокчилари тўғрисидаги маълумотни давлат хизматлари марказлари томонидан бир вақтда тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияларига объектни рўйхатдан ўтказиш учун юбориш;
объектлар бўйича ижобий экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаганда қурилиш-монтаж ишларини бошлашни тақиқлаш, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан кучланиши 110 кВ гача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг муддатларини ва энг баланд қийматларини белгилашни назарда тутувчи ягона калькуляциясини тасдиқласин;
электр таъминоти тизимига уланиш жараёнида ҳужжатларни кўриб чиқиш, келишиш ва ишларни амалга ошириш билан боғлиқ тартиботларни соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ваколатли органларнинг харажатларини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўздавкарантин” инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар:
ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва “Ягона дарча” божхона ахборот тизими платформасида танлаб олиш асосида фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария, экологик назорат ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш имконини берадиган алоҳида хавф-хатарларни таҳлил қилиш тизимларини жорий этишни якунласин;
ваколатли органлар томонидан фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун шартномаларни оферта шаклига ўтказган ҳолда хизматлар учун тўловларни электрон тарзда амалга ошириш имконини яратсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги:
икки ой муддатда юк ташувчилар томонидан юк ҳужжатлари маълумотларини ўз ичига олган дастлабки электрон ахборотни божхона идораларига тақдим этиш тартибини жорий этиш орқали божхона расмийлаштируви жараёнларини тезлаштириш чораларини кўрсин;
2020 йил 1 апрелга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларнинг ўтиши учун рухсатномани расмийлаштириш жараёнлари ва тўловларни амалга оширишни электрон шаклга ўтказиш ишларини якунласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги уч ой муддатда:
лицензиялаш ва рухсатнома бериш тизимини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини танқидий қайта кўриб чиқиб, уларни замон талабларига мослаштириш ва тизимлаштириш;
лицензиялар ва рухсатномаларни расмийлаштиришда талаб этиладиган ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда уларнинг муқобил шаклларини, шу жумладан, хабардор этиш тартибини жорий этиш юзасидан таклиф киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4160-сон қарори билан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз эришишга тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан масъул эканликлари ҳақида огоҳлантирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сон Фармони 3-иловасида кўрсатилган халқаро рейтинглар индикаторлари бўйича мамлакатимизнинг рейтинг кўрсаткичлари яхшиланганлиги ёки пасайганлигидан келиб чиқиб, вазирлик ва идораларга нисбатан рағбатлантириш ёки жазолаш чораларини қўллаш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан бирга Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг қурилиш учун рухсатномалар олиш, электр таъминоти тизимига уланиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳамда халқаро савдо индикаторлари бўйича “давлат хизматларининг сирли мижози” институти қўлланилишини таъминласин;
жамоатчилик назорати ва “давлат хизматларининг сирли мижози” институтининг қўлланилиши натижалари бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган йўналишлар бўйича “давлат хизматларининг сирли мижози” институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4210-сонли қарори талаблари асосида қўлланилади.
14. Савдо-саноат палатаси ва Давлат хизматлари агентлигининг Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича батафсил маълумотлар акс этган махсус портал сифатида Интернет тармоғидаги businessinfo.uz сайтидан фойдаланиш ва уни доимий янгилаб бориш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
15. Давлат хизматлари агентлиги 2020 йил 1 апрелга қадар ўзининг расмий веб-сайтида давлат хизматларини кўрсатиш муддатларини автоматик равишда, шу жумладан, кўриб чиқиш муддатлари бузилган аризалар ва масъул идоралар тўғрисида очиқ маълумотларни реал вақт режимида акс эттирувчи бўлим яратсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2020 йил март ойида ўтказиладиган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида халқаро ҳамжамият ва хорижий инвесторларни Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари билан кенг таништириш ҳамда республиканинг “Бизнес юритиш” рейтингидаги ўрнини янада яхшилаш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган алоҳида секция панелини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
17. “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи индикаторлари учун масъул вазирлик ва идоралар 2020 йил 1 январга қадар тегишли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг амалиётга татбиқ этилишини асословчи далиллар ва статистик маълумотлардан иборат таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга бир ой муддатда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан кенг қамровли тарғибот ишларини ўтказиш режасини тасдиқласин ва амалга оширилишини таъминласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 20 ноябрь
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15