Борис Жонсон Путиндан “ортга чекиниш”ни талаб қилмоқчи
Олам
−
31 Январь 2022
10377Бугун, 31 январь куни Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ва Россия Президенти Валидмир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мулоқот давомида Британия Бош вазири Путинга “чегарадан ортга чекиниш” талабини қўйиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, бугун Украинадаги таҳликали вазият юзасидан Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг учрашуви ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Учрашув ўтказилишига қарши чиққан Россия ва Хитой вакиллари ҳам унда иштирок этади.
Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя, Россия агрессиясига қарши ўтказилаётган Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини қоралаб, уни мамлакатнинг ички ишларига аралашиш дея баҳолаган. БМТдаги Хитой вакили эса Россия-Украина масаласини дипломатик йўл билан бартараф этиш тарафдори эканини айтиб, Кенгаш учрашувига қаршилигини билдирган.
Ўз навбатида Кремль ҳам бугун Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилган.
Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчиси саналган Британия вазият кескинлашган илк кунларданоқ ҳушёрликни ошириб, Украинанинг тарафини олиб келмоқда. Шу кунга қадар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш борасида Британия Украинага қурол-яроқ ва ҳарбий техникалар етказиб берган.
Бундан ташқари, у Украина билан чегара ҳудудида 100 мингдан ортиқ қўшин тўплагани айтилаётган Кремлни бир неча бор огоҳлантириб келмоқда.
Бошқа томондан эса чегара ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган Россия Украинага ҳужум уюштириши ҳақидаги барча иддаоларни инкор қилган.
АҚШ ортидан Британия ҳам Россия ҳукумати вакиллари ва мамлакат элитасига қарши санкциялар жорий қилиш ҳақида огоҳлантириш берди. Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Британиянинг рус элитаси ва олигархларига қарши санкция жорий қилиш ҳақидаги қарорини олқишлаган. Унга кўра, ушбу чекловлар Россия расмийларини “шошилинч қарор қабул қилиш”дан тийиб туради.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал АҚШ Президенти Жо Байден Администрацияси Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса, рус элитаси вакиллари, олигархлар ва уларнинг оиларига қарши жорий қилинадиган санкциялар пакети ҳақида эълон қилган эди.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси