Бомба устида юрибмиз. Сенатор автобуслардаги газ баллонлар техник кўрикдан ўтказилмаганини айтди

Жамият

image

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган MAN A22 CNG русумли автобусларга ўрнатилган газ баллонлари шу вақтга қадар техник кўрикдан ўтказилмаган. Улар шу алфозда йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов 23-ялпи мажлисда айтиб ўтди.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 октябрдаги “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари тармоғини ривожлантириш ва автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга босқичли ўтказиш ҳамда уларда газбаллон асбоб-ускуналарини хавфсиз ишлатишни таъминлаш қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 815-сонли қарорининг ўн иккинчи бандида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган MAN А22 CNG  русумли автобусларга истисно тариқасида, “СПГ-3” типидаги газ баллонларни ўрнатишга ва фойдаланишга рухсат берилган. 

Шунингдек, ушбу банда Ўзавтосаноат акциядорлик жамияти қошида замонавий синов технологияларини ташкил этиш, кейинчалик, зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва “СПГ-3” типидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш белгиланган. Бироқ, шу кунга қадар мутасадди ташкилотлар томонидан “СПГ-3” типидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш бўйича тегишли лабораториялар ташкил этилмаган. Оқибатда “СПГ-3” газ баллонлари билан жиҳозлаган MAN А22 CNG автобуслари 2018 йилдан ҳозирга қадар техник синовдан ўтказилмаган ҳолда аҳолига хизмат кўрсатмоқда”, дейди Қутбиддин Бурхонов.

Ўзбекистон Мудофаа хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси сўзида давом этиб, юк ва йўловчи ташувчи автотранспорт воситалардаги газ баллонлар техник воситаларсиз, кўз билан техник кўрикдан ўтказилаётганини танқид қилди. 

“Бундан ташқари, бугунги кунда юк ва йўловчи ташувчи автотранспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари техник синовдан ўтказиш лабораторияларида газ баллонни ечиш имконияти мавжуд эмас. Натижада газ баллонлар кўз билан техник кўрикдан ўтказилмоқда”, дейди Мудофаа хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

Ялпи мажлисда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланишича, 2021 йилда автотранспорт воситаларига ноқонуний (амалдаги техник регламент талабларига жавоб бермайдиган) газ мосламаси ўрнатилганлиги билан боғлиқ 2 928 та ҳолат аниқланган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 61 фоиз кўпдир.

Ўтган йилда газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафари ҳалок бўлган.

Газ баллонларини автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган. Газ баллонларининг техник синовдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки далолатномалар расмийлаштириш ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, 2021 йилда 36 нафар юридик ва жисмоний шахс автотранспорт воситаларига қонунчилик талабларига зид равишда газ баллонларини ўрнатиш ва синовдан ўтказиш билан шуғулланиб келган.

Газ баллонларининг техник синовдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки ҳужжатларни тайёрлаш билан шуғулланиб келган 16 нафар жисмоний ва юридик шахс аниқланган.

Ушбу масалалар юзасидан сенаторлар Ҳукуматга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг