Боливияда давлат тўнтаришига уриниш бўлди
Олам
−
27 Июнь
4272Боливия ҳарбийлари республиканинг амалдаги пойтахти Ла-Пасдаги ҳукумат саройи жойлашган Плаза Мурилло майдонини эгаллаб олди. Бу ҳақда “El Deber” хабар берди.
Қайд этилишича, бино ҳудудига зирҳли машина ва бир неча қуролланган одам кириб келган. Собиқ президент Эво Моралес (2006-2019) генерал Хуан Хосе Суньигани ҳарбий тўнтаришга уринишда айблаб, “биз қуролли кучларнинг демократияни бузишига ва халқни қўрқитишига йўл қўймаймиз”, деб ваъда берди.
Таъкидлаш жоизки, генерал Суньига собиқ президент Моралесни танқид қилгани учун бир кун аввал армия қўмондони лавозимидан бўшатилган.
Амалдаги Президент Луис Арсе ҳарбийларнинг ҳукумат қароргоҳида пайдо бўлишини қоралаб, уларни демократияни ҳурмат қилишга чақирди.
Мурилло майдонида сўзлаган Суньига “ватанини қайтариб олиш” учун бинога қўшинларни сафарбар қилганини айтди.
“Мамлакатимизни талон-торож қилишни, ҳарбийларни таҳқирлашни бас қилинг. Биз ўз норозилигимизни билдириш учун келдик”, деди у расмийларга мурожаат қилиб.
Генерал, шунингдек, армия янги Вазирлар Маҳкамаси шаклланишини хоҳлашини айтди ва у Луис Арcенинг тан олиш-олмаслиги ҳақидаги саволга: “Ҳозирча”, деб жавоб берди.
Суньиганинг сўзларига кўра, ҳарбийлар ўз ҳаракатларини полиция билан мувофиқлаштирган.
Кейинчалик, Арcе унинг олдига чиқди ва улар гаплашди. Боливия Ички ишлар вазири Эдуардо дел Кастилло ҳарбийларнинг ҳаракатларини қоралади ва Ташқи ишлар вазири Селинда Соса халқаро ҳамжамиятни Арcе ҳукуматини қўллаб-қувватлашга чақирди. Президент маъмурияти раҳбари Мария Нела Прада ҳам шундай чақириқ билан чиқди.
Америка давлатлари ташкилотига аъзо давлатлар, жумладан Чили ва Гондурас раҳбарлари Боливияда содир бўлаётган воқеаларни қоралади. Куба ва Эквадор Президентлари ҳам Луис Арсени қўллаб-қувватлашган.
LiveБарчаси