“Уйига ўт қўяман”. Ўқитувчиларнинг калтаклашга ҳаққи борми?

Жамият

Болангизнинг ўқитувчисига “эти сизники, суяги бизники” деганмисиз? Ушбу ибора бугунги кунга қанчалик тўғри келяпти? Сўнгги вақтларда ўқитувчи болаларни ургани акс этган видеолар кўп тарқаляпти. Ота-оналар эса ўқитувчи устидан шикоят қилиш учун дарров "тегишли жойларга" югуриб боряпти. Хўш, ўзи болани уриб тарбияласа бўладими? Ўқитувчи бунга қанчалик ҳақли? QALAMPIR.UZ шундай саволлар билан одамларга юзланди.

Респондентларнинг кўпчилиги ўқитувчининг ўқувчини уришга ҳуқуқи йўқ ва ҳар қандай болани яхши гап билан тарбияласа бўлади, деб ҳисоблайди. 

“Болани ҳатто боғчада ҳам уриш мумкин эмас. Агар менинг боламни урса, уйига ўт қўяман”, дейди сўровнома иштирокчиларидан бири. 

Бошқа бир респондент эса болаларни уришга ўқитувчининг қонунан ҳаққи йўқлигини, агар хулқи ёмон бўлса, ота-онасини чақиртириш, ИИБ ходими билан тушунтириш ишларини олиб бориши кераклигини, боланинг тарбиясига ота-она масъуллигини эслатиб ўтди. 

“Урсанг эти қотади, гапирсанг бети... Шунинг учун болани ҳар доим яхши гап билан тарбиялаш керак”, деб фикр билдирди бошқа бир иштирокчи. 

Яна бир респондент ҳамма нарса ўқитувчининг педагогик маҳоратига боғлиқ эканини айтиб ўтди. Ҳамма ўқитувчи ҳам ақл билан иш кўрмагани боис шундай кўнгилсиз ҳолатлар юз бераётганини билдирди. 

“Итни тарбияласа бўлади-ку, одамни тарбиялаб бўлмайдими? Циркларда ҳайвонларни ўргатишяпти. Ўқитувчининг ўзи ақллироқ бўлиши керак-да. Тўғри, ота-она ҳам катта "рўл" ўйнайди. Баъзида боланинг ўзи нотўғри иш қилиб қўйиб, ўқитувчини айблаши мумкин. Ҳамма гап тадбир-да!”, дейди у.   

Шунингдек, сўровномада иштирок этган фуқаролар орасида керак бўлганда болаларни урса бўлади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Уларнинг фикрига кўра, бу келажакда боланинг адашмаслигига ёрдам беради ва тарбияси бузилиб кетишининг олдини олади.

“Мени ҳам мактабда уришган. Лекин дори бўлиши учун. У ургани калтак эмас, малҳам бўлар экан”, дейди респондентлардан бири мактаб даврида ўқитувчиларидан калтак егани ва ўшанда бекорга хафа бўлганлигини айтиб. 

Аҳоли орасида болаларни уриб туриш керак, деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас.   

“Баъзан уриш керак. Лекин аёвсиз эмас. Уришнинг ҳам ҳар хили бор. Тарбия учун уриш керак. Онангиз сизни койиса, урса ҳафа бўлмайсиз-ку! Шунақа меҳр билан уриш керак, шафқатсизларчамас”, дейди у. 

Бундан ташқари, “Сизни ҳам ўқитувчингиз, урганми?”, деган саволга қарийб 75 фоиз респондент “йўқ” деб, 18,7 фоизи эса “ҳа” деб жавоб берди.   

Сўровнома натижаларига кўра, деярли барча иштирокчилар болани уриш келажакда унинг психологик ҳолатига таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. 
“Болалар бир марта ёмон кўриб қолса, кейин одамларни ҳеч қачон яхши кўрмайди. Шунинг учун катталар барибир сал сабрлироқ бўлиши керак, деб ўйлайман”, дейди респондентлардан бири болани уриб тарбиялашнинг оқибати яхши эмаслиги ҳақида гапирар экан. 

Яна бир иштирокчининг фикрича, бундай ҳолатда болада катталарга нисбатан қўрқув пайдо бўлади ва унинг жамиятга мослашиши қийин кечади.

Сиз-чи? Ўқитувчингиздан калтак еганмисиз? Болаларнинг ўқитувчи томонидан уриб тарбияланишига қандай қарайсиз? Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг. QALAMPIR.UZ'ни кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг