Болаларда астигматизм ўз вақтида даволанмаса, кўрликка сабаб бўлиши мумкин – мутахассис
Саломатлик
−
14 Октябрь
4709Сўнгги вақтларда телефон ва компьютердан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланиш оқибатида болалар ўртасида кўз касалликлари кўп учрамоқда. Улардан бири астигматизмдир. Хўш, у қандай хасталик? Ушбу саволга Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромовнинг жавоб берди.
Мутахассисга кўра, астигматизм бу — кўзнинг шох пардаси ёки линзаларининг эгрилиги нормал бўлмаган, кўришнинг хиралашишига олиб келувчи нуқсон. Бунда ёруғлик кўзга кирганда, ғайритабиий эгрилик туфайли тўр пардага тўғри қаратилмайди. Оқибатда ноаниқ тасвир пайдо бўлиб, исталган масофада кўриш бузилади ёки хиралашади.
У болалар орасида тез-тез учрайдиган муаммолардан бири бўлиб, айниқса, кейинги вақтларда телефон ва гаджетларга муккасидан кетиш, узоқ вақт телевизор кўриш, ётган ҳолда китоб ўқиш туфайли бундай ташхис қўйилаётган ўғил-қизлар сони бирмунча кўпаймоқда.
Шунингдек, унинг келиб чиқишига генетик омиллар, боланинг туғилиш жараёнида кўзнинг мугуз пардаси шаклининг бузилиши, кўз жароҳатлари, кератит, кератоконъюнктивит каби хасталиклар ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Астигматизм билан оғриган бола ҳам яқин, ҳам узоқни тенг даражада яхши кўра олмайди. Шу боис у ён-атрофга фақат кўзларини қисган ҳолатда қарайди. Ёки яхшироқ кўриш учун бошини эгади ва айлантиради.
Қолаверса, бемор бош оғриғи, кўз атрофида ноқулайлик, ёрқин нурдан қочиш, нарсаларнинг чаплашиб ёки иккита бўлиб кўриниши, компьютер ёхуд китобдан кўзнинг тез толиқишидан шикоят қилади.
Агар у ўз вақтида даволанмаса, кўришнинг кескин пасайиши, ҳатто, кўролмасликка олиб келиши мумкин.
Астигматизмга окулист томонидан махсус жадваллар ёрдамида беморнинг кўриш қобилиятини текшириш ва шох парданинг эгрилигидаги мавжуд фарқни аниқлашдан сўнг ташхис қўйилади. Уни 3 ёшдан бошлаб 7-8 ёшгача бўлган болаларда ҳам аниқлаш мумкин.
Бу муаммода кўриш қобилиятини тўғрилаш учун кўзойнак ва контакт линзаларидан фойдаланилади. Даволаш эса фақат жарроҳлик йўли билан амалга оширилади. Бу операция 18 ёшдан сўнг беморда кўриш тизими тўлиқ шаклланганидан сўнг тавсия этилади.
“Шу ўринда ота-оналарга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, кўпинча болалар кўзлари ёмон кўраётганлигини сезмасликлари мумкин. Шу боис шикоят бўлмаса-да, улар йилда бир марта офтальмолог кўригидан ўтиши лозим”, дейди шифокор.
Шунингдек, астигматизмнинг олдини олиш учун, аввало, фарзанднинг овқатланишига эътиборли бўлиш, таомномада оқсил кўп бўлиши керак.
Боланинг столда ишлаши ва китоб ўқиш пайтида тўғри ёритиш режимига риоя қилиш, кўриш зўриқишини фаол дам олиш билан алмаштириш, кўзлар учун гимнастика қилиш, витаминлар (лутеин) олиш, астигматизмни келтириб чиқарадиган касалликларни вақтида даволаш керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бетоб бўлганда қандай маҳсулотлардан сақланиш кераклиги ҳақида маълумотлар берилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15